“Бунёдкор” Исфаҳонда машғулот ўтказди

 

Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси айни дамда Эроннинг Исфаҳон шаҳрида бўлиб турибди. Хабирингиз бор, “қалдирғочлар” 11 апрель, сешанба куни Осиё Чемпионлар лигаси, гуруҳ босқичи, 4-тури доирасида “Зоб-Аҳан” клуби меҳмони бўлади.

Кеча Исфаҳон шаҳрига етиб келган “Бунёдкор” вакиллари бугун ўзларининг биринчи машғулотини ўтказдилар. “Зоб-Аҳан” клуби қароргоҳидаги майдонлардан бирида олиб борилган машғулотда “Бунёдкор” билан Эронга олиб келинган барча футболчилар иштирок этишди. Сергей Лушчан ўз шогирдлари билан бир соатдан ошиқроқ вақт давомида шуғулланди.


Қайд этиш керакки, “Бунёдкор” Эронга бир қатор йўқотишлар билан келган. Ҳужумчи Вадим Чемиртан дисквалификация туфайли баҳсни ўтказиб юборса, Жавлон Иброҳимов ва Алишер Саноев жароҳатлари сабабли Тошкентда қолишган.

Эслатиб ўтамиз, “Зоб-Аҳан” – “Бунёдкор” учрашуви 11 апрель куни Исфаҳондаги “Фуладшаҳр” стадионида маҳаллий вақт билан 20:00да (Тошкентда 20:30 бўлади) бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!