“Бухоро” кетма-кет иккинчи марта энг кўп мухлис жалб этди. Энг кам томошабин бу гал "Машъал" ўйинига келган

21 июнь, 12:44 587

“Бухоро” кетма-кет иккинчи марта энг кўп мухлис жалб этди. Энг кам томошабин бу гал

 

Хабарингиз бор, 19-20 июнь кунлари олий лига 14-тур ўйинлари ўтказилди.

Икки кун бўлиб ўтган 14-тур учрашувлари бизга бир қатор эътиборга молик бўлган ўйинларини тақдим этди. Жумладан, “Бунёдкор” Бухорода майдон эгаларига 4:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Балки, “қалдирғочлар”нинг ушбу мағлубияти тасодиф эмасдир. Лекин ҳисобнинг бу кўриниши кўпчилик учун кутилмаган ҳолат сифатида қарши олинган бўлиши мумкин. Бу билан бухороликлар олий лига тарихида биринчи марта “Бунёдкор”ни мағлубиятга учратишди. “Олмалиқ” эса чемпионат доирасида кетма-кет учинчи марта Наманганда дуранг ўйнади. Қолаверса, Виктор Кумоков шогирдларининг 5 ўйиндан бери давом этаётган “қуруқ серия”ларига Наманганда чек қўйилди.

Шунингдек, кубок баҳсларида “Насаф”га имкониятни бой бериб келаётган “Пахтакор” бу гал чемпионат доирасида қаршиликлардан 2:1 ҳисобида устун келди. Бир неча кун олдин “Нефтчи”ни қабул қилиб олган Вадим Абрамов иккинчи учрашувда илк очкосини қўлга киритди.  

Энди эса SPORTS.uz сайти ҳар доимгидек эътиборингизга ушбу тур баҳларига ташриф буюрган мухлислар статистикаси билан таништириб ўтади.

Ўн тўртинчи турда стадионларимизга 32293 томошабин ташриф буюрди. Бу ўртача бир ўйинга 4036.6 мухлис келди дегани. Турнинг марказий ўйинларидан бири ҳисобланган “Пахтакор” - “Насаф” баҳсини 5150 ишқибоз бевосита ўйингоҳдан кузатиб борди. Бу натижа “шерлар” ижросидаги беллашувларга қизиқиш секин аста ортиб бораётганлигини кўрсатади. Энг кўп томошабин эса яна Бухородаги “Бухоро” – “Бунёдкор” баҳсига тўғри келган -12108. Олдинги турда амалдаги пешқадамни қабул қилган бухороликлар стадионига 12458 ишқибоз ташриф буюрганди.

Энг кам мухлис борасидаги статистика бу гал Муборак клубига тегишли. “Машъал” – “Нефтчи” учрашувини 451 ишқибоз стадиондан кузатиб борди холос.

Қуйида ушбу турдаги ўйинларга қанча томошабин келганини билиб олишингиз мумкин.

«Бухоро» (Бухоро) – «Бунёдкор» (Тошкент) – 4:2. 12108 томошабин.

«Қўқон-1912» (Қўқон) – «Сўғдиёна» (Жиззах) – 3:2. 5551 томошабин.

«Пахтакор» (Тошкент) – «Насаф» (Қарши) – 2:1. 5150 томошабин.

«Навбахор» (Наманган) – «Олмалиқ» (Олмалиқ) – 1:1. 3614 томошабин.

«Шуртан» (Ғузор) – «Обод» (Тошкент) – 2:0. 3451 томошабин.

«Металлург» (Бекобод) – «Қизилқум» (Навоий) – 3:1. 1111 томошабин.

«Локомотив» (Тошкент) – «Динамо» (Самарқанд) – 2:0. 857 томошабин.

«Машъал» (Муборак) – «Нефтчи» (Фарғона) – 2:2. 451 томошабин.