"Дала қўриқчилари" ва бошқалар ҳақида (ўйин статистикаси)

Кеча Ўзбекистон терма жамоаси сафарда мағлубиятга учради. Очиғи сийқаси чиққан ушбу янгиликни яна эътиборингизга ҳавола этишдан биз ҳам бироз уялиб турибмиз. Наилож, жаноб Самвел Бабаян мураббийлиги остида ҳаракат қилаётган ўзбекистонликлар кутилганидек юртимизга қуруқ қўл билан қайтадиган бўлишди.

Ҳимоя майдонимизда «дала қўриқчиларидек» ҳаракат қилган Егор Криметс, Анзур Исмоилов ва Акмал Шорахмедовларнинг шарофати билан эронликлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Майдон марказида чиройли ҳаракат қилган Сардор Азмун дарвоза томон чамаси 30-35 метр масофани ҳимоячиларни таъқибисиз босиб ўтди ва дарвоза томон айёрона зарба йўллади.

Ушбу вазиятда Александр Лобанов ўзини моҳир дарвозабон деб ўйлади чоғи тўп билан жарима майдонига кириб келаётган рақиб футболчисини менсимади. Бироқ у одатдагидек адашди. Аниқроғи шарманда бўлди. Лобановнинг оёқлари орасидан ўтиб борган тўп тўғри терма жамоамиз дарвозасидан ўрин олди.

Хайрият, биринчи бўлим биз учун бироз омадли ўтди десак муболаға бўлмаса керак. Сабаби ўз дарвозамиздан бошқа тўп ўтказиб юбормадик. Бевосита биринчи бўлим статистикасига тўхталадиган бўлсак, тўпга эгалик қилиш борасида форслар яққол устунлик қилишди, 60%-40%. Дастлабки 45 дақиқаликда Эрон терма жамоаси вакилларинг 214 та тўп узатмаларининг 77 фоизи аниқ амалга оширилди. Бу борада ҳамюртларимиз шерикларига 144 бор тўп узатган бўлса, уларнинг 73 фоизи аниқ манзилига етиб борди. Дарвоза томон берилган зарбалар борасида ҳам устунлик Эрон томонида, 5-3. Бироқ, аниқ зарбалар борасида сўз юритмасак ҳам бўлаверади, 1-0.

Биринчи бўлимнинг тўлиқ статистикаси қуйидагича

Эрон

Биринчи бўлим статистикаси

Ўзбекистон

60%

Тўпга эгалик қилиш

40%

50%

Яккама-якка курашларда устунлик

50%

5

Зарбалар

3

1

Аниқ зарбалар

0

214

Тўп узатмалари

144

77%

Аниқ тўп узатмалари (%)

73%

2

Бурчак тўплари

3

7

Қоида бузишлар

11

0

Сариқ карточка

1

0

Қизил карточка

0


Навбат иккинчи бўлимга. Ушбу бўлим аввалидаёқ дарвозамиз томон 11 метрлик жарима тўпи белгиланди. Меҳди Таремини ўнг қўли билан ушлаб қолишга уринган Акмал Шорахмедовнинг бу қилиғини уммонлик ҳакам Аҳмад ал-Каф кўрин турган эди, аммо қарор қабул қилишга шошилмади. Бироқ танга топиб олган суварак мултфилмини эслатувчи ён ҳакам байроғини кўтарганча жарима майдонига югуриб кира бошлади ва ноилож қолган бош ҳакам Ўзбекистон терма жамоаси дарвозаси томон пенальти белгилашга мажбур бўлди (харқалай, бизга шундай кўринди). Лекин 11 метрлик нуқтага яқинлашган Масъуд Шожайи пенальтидан гол ура олмади. Унинг зарбаси дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.

Пеналти ишлашга ишлаб, ушбу имкониятни жамоадошига қўш-қўллаб топшириб қўйган Маҳди Таремий якунда барибир гол урди. Майдон марказида Одил Аҳмдеовдан тўпни олиб қўйган форслар ҳужумга ўтишга шошилди. Сардор Азмун ва Меҳди Таремий «девор» услубида терма жамоамиз вакилларини осонлик билан алдаб ўтишди. Азмун томонидан ажойиб тарзда узатилган тўпни қабул қилиб олган Таремий қаршисида Анзур Исмоилов «қўриқчидек» пайдо бўлди. Таремий шундоқ ҳам ҳолдан тойган ҳимоячимизни устидан кулгиси келмади чоғи, эронлик ҳужумчи бир ҳаракат билан Анзурни ортда қолдирди ва очиқ қолган дарвозага тўпни йўллади, 2-0. Аслида дарвозани Лобанов қўриқлаётганди, бироқ буни аҳамияти бормиди?

Ўйин статистикаси ҳақида икки оғиз. Икки тўп фарқи билан имкониятни бой берган вакилларимиз ўйин давомида уч бора рақиб дарвозаси томон зарба беришди (10-3). Бироқ бу зарбаларнинг биронтаси аниқ чиқмади (2-0). Иккинчи бўлимда рақибга қараганда кўпроқ тўп узатмаларини оширган терма жамоамиз аъзолари тўпга эгалик қилиш борасида устунликни қўлга ола билишмади, 56%-44%. Лекин қоида бузиш бўйича бизникилар яққол устунлик қилишди (12-20) ва икки бор сариқ карточкани ўзлаштириб олишди.

Ўйиннинг тўлиқ статистикаси қуйидагича

Эрон

Ўйин статистикаси

Ўзбекистон

2

Голлар

0

55.9%

Тўпга эгалик қилиш

44.1%

50.9%

Яккама-якка курашларда устунлик

49.1%

10

Зарбалар

3

2

Аниқ зарбалар

0

394

Тўп узатмалари

316

74%

Аниқ тўп узатмалари (%)

71%

3

Бурчак тўплари

4

12

Қоида бузишлар

20

3

Ўйиндан ташқари ҳолат

1

1

Сариқ карточка

2

0

Қизил карточка

0

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!