Дарвозабонликдан бошланган йўл

26 апрель, 23:50 728

Дарвозабонликдан бошланган йўл

Уни замонавий “Севилья”нинг асосчиси деб билишади. Испания футбол мактабининг энг таниқли намояндаларидан бири. 1990-2000 йилларда “Севилья”нинг иккинчи дарвозабони бўлган. Футболчи сифатидаги карьерасини тугатгач, Андалусия футбол клубининг расмий раҳбарига айланди. 2000 йилнинг ўзидаёқ спорт директори даражасига кўтарилди. Ҳа, бу ўша сиз билган Рамон Родригес Вердехо, яъни Мончи.

17 йиллик “Рамон Санчес Психуан”даги фаолиятдан сўнг, у ўз жойини тарк этди. “Реал” эса фурсатдан фойдаланиб уни ўзига жалб қилиш илинжида.

У “Севилья” учун нима қилиб берди?

Андалусия футбол клубининг нафақат 21 асрдаги, балки ўзининг бутун тарихидаги йирик муваффақиятлари Мончи билан бевосита боғлиқ. Мончи раҳбарлигидаги 17 йил мобайнида улар тўққизта йирик ғалабани қўлга киритишди: бешта УЕФА кубоги, иккита Қирол Кубоги, Испания Суперкубоги ва Европа Суперкубоги. Унинг раҳбарлигигача бўлган даврда “Севилья” атиги тўртта кубокни қўлга киритган ва буларнинг сўнггисига ҳам эллик йилдан кўпроқ вақт ўтган эди. Мончи ўз хизматларини камтарлик билан “Мен ҳар доим жамоанинг бир бўлагига айланишга интилдим” дея изоҳлайди.

Мончи спортдаги карьерасига якун ясаган пайтда “Севилья”нинг яқин 17 йил ичида 14 та финалда ғолиб бўлишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмасди. Клубнинг янги директори қаршисида бир неча катта вазифалар турган эди: клуб академиясини ривожлантириш, янги юлдузларни тайёрлаш, тизимни яхшилаш... бир қарашда осондек туюлган бу вазифаларни қойилмақом тарзда бажарган Мончи учун клубни оддий сегундаликдан еврокубокларнинг доимий иштирокчисига айлантириш учун (молиявий тўсқинликларга қарамай) атиги тўрт йил кифоя қилди.

Арзон харид қилиш ва қиммат сотиш ақидаси асосида иш кўрган Мончи клуб бюджетини тиклади, Андалусия футболчиларини биринчи даражали спортчига айлантирди.17 йил ичида “Севилья” йирик лойиҳаларининг ўзиданоқ 200 млн евро даромад кўрди. Клуб футболкаларини сотишдан тушган маблағ жамоа рейтингини кўтаришга сарфланар эди.

Клуб академиясининг кўзга кўринган қалдиғочлари сифатида Хосе Антонио Рейес, Серхио Рамос, Диего Капель, Хесус Навас, Антонио Пуэрта ва Альберто Морено кабиларни кўрсатиш мумкин. Дани Алвес, Фредерик Кануте, Адриано, Иван Ракитич, Сейду Кейта, Кристиан Поульсен, Карлос Бакка- булар “Севилья”ни юқори чўққиларни забт этиш учун қулай ва тезкор ижтимоий пиллапоя, дея эътироф этишади. Мончи трансферлар устидан қатъий назорат ўрнатган, мураббийлар билан ҳам яхши чиқишар эди, клуб модели ва услубига мос спортчиларни жалб этишга тиришарди. У Хуанде Рамос ва Унаи Эмери каби қаҳрамонларни яратди.

Муваффақиятли ўтган қатор мавсумлардан сўнг таркиб мунтазам равишда ўзгариб турди. Пешқадамлар “Писхуан”дан янада юқорироққа ўтиб кетишарди. Клуб директори ва мураббийларнинг энг катта ютуғи- жамоани тарк этганлар ўрнини тезда янги юлдузлар билан тўлдиргани бўлди.

 Муваффақиятсизликлар

Мончи ҳам баъзида самарасиз ишларга қўл урарди. Шулардан бири бу- Негредогача “Севилья” сотиб олган энг қиммат (12 млн) футболчи Аруна Коне. Тиззасидаги жароҳат унга жамоа таркибида яхши ўйин кўрсатишга халал берарди. Бу ердаги ўтказган биринчи мавсумида у 17 та ўйинда қатнашиб, атиги битта гол киритди. Жамоада ўтказган беш йили ичида 40 та ўйинда иштирок этди, аммо киритилган голлар сони ўзгармай қолаверди. Негадир, “Леванте”далигида Коне анчагина яхши натижалар кўрсатган эди.

Мончининг “ўхшамаган” бошқа шартномалари тўрт йил ичида саккизта гол киритган ҳужумчи Эрнесто Чевантон ва 7 млн еврога сотиб олиниб, тўрт мавсум давомида майдонда бор-йўғи 1000 дақиқа ўйнаган Лаутаро Акоста билан бўлди.

Мончи лойиҳалари топ ўнталиги

“Севилья”да бирга ишлаган энг яхши футболчилар сифатида Мончи Дани Алвес, Луис Фабиано, Фредерик Канутеларни эътироф этади.  Уларнинг барчаси Андалусия пойтахтида беш йилдан кўпроқ вақт бўлишди ва шу муддат ичида “Рамон Санчес Писхуан”нинг энг ёрқин юлдузларига айланишди.

Бу топ ўнталикка кирганларнинг нафақат футболчи сифатидаги хусусиятлари, балки улардан келган фойда ҳам ҳисобга олинди:

  1. Хосе Антонио Рейес- 26.5 млн. евро
  2. Жулио Баптиста-17 млн. евро
  3. Серхио Рамос-27 млн. евро
  4. Дани Алвес -33.8 млн. евро
  5. Хесус Навас-20 млн. евро
  6. Альваро Негредо-30 млн. евро
  7. Иван Ракитич-18 млн. евро
  8. Альберто Морено-33.5 млн. евро
  9. Алеиш Видал-15-15 млн. евро
  10.  Карлос Бакка-30 млн. евро

Мончининг рамзий терма жамоаси

Рамзий маънодаги терма жамоани ҳосил қилиш учун ўн биринчи аъзо сифатида Александр Кержаковни киритиш мумкин. Россиялик ҳужумчи “Севилья” юлдузига айланмади, бироқ у Луис Фабиано ва Фредерик Кануте билан бирга ҳаракатланиб саккизта гол киритган ва андалусияликларнинг Қирол ва УЕФА Кубокларини қўлга киритишларида жонбозлик кўрсатган эди. Кейинчалик  “Динамо”га 8 млн евро эвазига ўтиб кетган бўлса-да, Кержаковнинг жамоага келтирган фойдасини ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди.

Мончининг рамзий терма жамоаси учун дарвозабон етишмаяпти. Буни қарангки, “Севилья”даги фаолияти давомида Мончи бирорта ҳам истеъдодли дарвозабон билан шартнома тузган эмас. Шунинг учун, Кержаковнинг хизматларини унутмаган ҳолда жамоанинг ўн биринчи аъзоси этиб Рамон Родригес Вердехони, энг машҳур спорт директорини киритиш жоиз. Шубҳасиз, ўзи етиштирган футбол юлдузлари билан бир жамоада тўп суриш Мончига ёққан бўларди.

Саодат Абдурахманова таржимаси

Манба: sports.ru