Дэвис кубоги: Истомин терма жамоамизни кейинги босқичга олиб чиқди

 

 

Теннис бўйича норасмий жаҳон чемпионати ҳисобланган Дэвис кубоги биринчи гуруҳи Осиё/Океания саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон терма жамоаси сафар учрашувида Жанубий Корея теннисчиларини мағлубиятга учратди.

Дастлабки икки кунлик натижалар бўйича 2:1 ҳисобида олдинда борган Ўзбекистон терма жамоаси учинчи куннинг биринчи учрашувига етакчи теннисчимиз Денис Истоминни туширди.

Мамлакатимизнинг энг кучли теннисчисига мезбонларнинг истеъдодли ёш спортчиси Сун Ву Квон рўбарў келди. Ўз мухлислари кўз ўнгида ҳужумкор ўйин намойиш этган кореялик теннисчи биринчи сетни 6:3 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилиб, умумий ҳисобни тенглаштириш учун дастлабки қадамини ташлади.

Бироқ, жорий мавсумда ҳар қандай рақибни енгишга қодир ўйин кўрсатаётган Денис Истомин кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган кейинги партияларни 7:6, 6:2, 7:6 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди.

Ўзбекистон терма жамоаси умумий ҳисобда 3:1 натижаси билан учрашувни ўз фойдасига ҳал қилгани боис, Санжар Файзиев ва Дак Хи Ли ўртасидаги бешинчи ўйин ўтказилмади.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!