Дилявер Ваниев: “Насаф”га Ўзбекистон Кубоги финалида омад тилаймиз

Олий Лига сўнгги туридан ўрин олган “Насаф” – “Машъал” (2:0) учрашуви якунига еткач, “Машъал” жамоаси бошлиғи Дилявер Ваниев ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

–Ўйин ҳақида гапиришдан аввал, бир қувонарли ҳолни таъкидлаб ўтмоқчиман. Бугунги учрашувда ҳар иккала жамоа сафида ҳам “Машъал” академиясида тарбия топган ўйинчилар тўп тепишди. Бундай ўйинчилар билан қанчалик фахрлансак арзийди. Айниқса “Насаф” сафида тўп тепаётган академиямиз тарбияланувчилари ва собиқ футболчиларимизнинг бугунги кўрсатган ўйини жуда мазмунли бўлди. Тўғриси, биз булардан фахрланамиз. Клубимиз бундан буён ҳам мана шундай футболчиларни ўзбек футболи учун тарбиялаб вояга етказишдаги ишларини давом эттираверади.  

Энди ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсам, чемпионатнинг сўнгги учрашуви бўлишига қарамасдан футболчилар бугун тезкор бўлишди. Икки принципиал рақиб майдонда кураш олиб борди. Жамоамизда кўплаб йўқотишлар бўлишига қарамасдан бугун мақсадимиз ғалаба қозониш эди. Афсуски мақсадимиз амалга ошмади. Қолаверса, бизга нисбатан “Насаф” жамоаси ғалабага муносиб ўйин кўрсатди. Сўзимни сўнгида “Насаф” жамоасини бу йилги эришган ютуғи – бронза медалини қўлга киритгани билан табриклайман. Ўзбекистон Кубоги финалида эса уларга омад тилаймиз, – деди Ваниев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!