“Динамо” vs “Лестер” ёхуд Лушчан vs Венгер ўхшашликлари
20 март, 13:20 | 739

 

Ўтган йили биринчи лига ғолибига айланиб олий лигага йўл олган “Динамо” янги мавсумда мухлисларини қувонтирмоқда. Олий лига-2017 стартини яхши бошлаган самарқандликлар мана 3 турки, очко йўқотмаяпти. Биринчи ўйинда Бекободнинг “Металлург” клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этган “Динамо”, 12 куни Тошкентда “Пахтакор”ни ҳам таслим этди. Ундан олдин эса самарқандликлар ўз уйларида “Шўртан” устидан йирик  ҳисобда зафар қучишди – 3:0.

3 та турдаги натижалардан сўнг барча ишқибозлар “Динамо”ни ўтган йилги “Лестер”га қиёслашмоқда. “Тулкилар” ҳам ўтган мавсум қандай кучга эга эканликларини бутун дунёга кўрсатиб қўйишганди. Уларнинг ўйинларини ҳамма ўзгача қизиқиш билан томоша қилди ва чемпион бўлишларига барча бирдек ҳайрихоҳ бўлди. Ҳатто Англия премьер лигаси вакиллари ҳам. Клаудио Раньери қўл остида “Лестер” ўз номини бутун дунёга ёя олди. Уларнинг эртаги яхшилик билан якунланди. Энди навбат “Динамо”га?!

“Динамо” бу йилги ўйинлари билан кўпчиликнинг диққат марказида. Улар дастлабки 2 та баҳсдан сўнг 6 очко билан турнир жадвалини бошқариб турганда, айримлар 3-турда “Пахтакор” қаршисида ким эканликлари кўриниб қолишини тахмин қилиб турганди. Аммо Тошкентда ким аслида кимлиги билиниб қолди. “Пахтакор”нинг кучи айни пайтда мана шундай кўринса, “Динамо” ҳазиллашмаётганига барчани ишонтириш билан оввора. 12 март куни майдон эгалари гол ўтказиб юборишгандан кейин берган 3 та зарбасини инобатга олмаса, айтарли ҳавфли вазиятларни ярата олишмади. Ҳисобда ортда бораётган ҳар қандай жамоа сўнгги дақиқаларда босимни ошириши аниқ. Шундай экан Колосовский шогирдлари шу куни самарқандликларга ҳар жабҳада мағлуб бўлишди.

Тўғри, ҳозирдан “Динамо”ни осмонларга олиб чиқиб қўйиш фикридан йироқмиз. Аммо самарқандликларнинг натижаларини шунчаки тасодифга йўйиб қўйиш нотўғри. Тасодиф бир ёки икки марта бўлар. Аммо уч марта эмас. Улар оддий рақиблар билан куч синашгани йўқ. Эътиборга молик томони, “Динамо” ҳали ўз дарвозасида гол ўтказиб юборганича йўқ. Шундай экан самарқандликларга бу мавсум “Лестер”нинг йўлини беришини ва “Димнамо”нинг мана шундай шижоати давомли бўлишини тилаб қолардик.

Арсен Венгер Англия футболига катта ҳисса қўшган мутахассис. Венгер “Арсенал”да ажойиб ўйин услубини ярата олган. “Тўпчилар”нинг комбинацион ўйинларини кўпчилик мароқ ила томоша қилади. Айнан франциялик мураббий ўз вақтида кўплаб юлдузларни кашф қилган. Тьерри Анри, Денис Беркамп, Робин ван Перси, Робер Пирес, Патрик Виейра, Сол Кэмпбелл, Сеск Фабрегас ва бошқалар. Бу номларни кўплаб давом эттиришимиз мумкин. Ўз навбатида Сергей Лушчан ҳам Достонбек Ҳамдамов, Отабек Шукуров, Рустам Ашурматов, Элдор Шомуродов... бу номлар айни пайтда ўзбек футболи келажаги сифатида кўришимиз мумкин. Аммо бу номлар билан 3 йилдан бери иш олиб бораётган Сергей Лушчан олий лигада ҳам ОЧЛда ҳам ҳеч қандай натижа кўрсата олаётгани йўқ. Ҳудди Арсен Венгер сингари. Тўғри, вақтида Венгер бошчилигида лондонликлар бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган ҳолда АПЛ чемпионлигини қўлга киритган. Аммо у пайтлар жамоа таркибига ҳатто “Барселона” ва “Реал” ҳам қизиқарди. Ўз навбатида, “қалдирғочлар” ҳам олий лигада кетма-кет зафар қучган. Ўзбекистон Кубоги ва ОЧЛда яхши кўрсатгичларни қайд этган. Бироқ ҳозир эмас.

Айни пайтда Арсен Венгер ва Сергей Лушчаннинг ўрни қимирлаб қолган. Чунки ҳар икки жамоанинг натижаларига ҳавас қилиб бўлмайди. Ички чемпионат ва халқаро мусобақалардаги омадсизликлар ишқибозларнинг норозиликларини келтириб чиқармоқда.

Тўғри, балки айни пайтда “қалдирғочлар” эътиборларини ёшларга қаратиб, ўз академияси тарбияланувчиларига йўл очиб бераётгандир. Аммо фақатгина ёшлар билан иш битмаслиги кўриниб қолмоқда. Боз устига 22 ёшлик футболчиларни ҳали ёш деб юрсак 30га кирганда ҳам асраб юраверамиз. Шу ўринда ёш ҳақида гап кетганда, бизнинг футболчиларни Европа ўйинчилари билан таққосламоқчи эдим. Аммо...

“Арсенал” трансферлар учун катта суммалар сарфламаслиги барчага аён. Аммо лондонликларнинг айнан сарфламаслиги уларни чемпионлик ва грандларга қарши ўйинда муҳим ғалабалардан мосуво қолдирмоқда. Арсен Венгер ва Сергей Лушчан ўхшашлигида ана шундай муаммолар кўзга ташланмоқда. Уларни бартараф этиш учун балки вақт ҳукми бизга йўл кўрсатар. Аммо ҳозирча ҳар икки клуб раҳбарлари ушбу мутахассисларга ишонч билдиришда давом этмоқда. Балки уларнинг ўйлаган ўз режалари ва узоқни кўзлаган стратегиялари мавжуддир. Аммо буниси бизга қоронғу.

 

Бекзод Исаев

Ўхшаш янгиликлар

Sports.uz 2016 ©
ЎзМАА интернет-ОАВ лицензияси рақами: №1002