Жалолиддин Ўктамов: Рақибимни биринчи раундда нокаут қилиб, мақсадимга эришдим

26 март,2017, 12:40 1120

Жалолиддин Ўктамов: Рақибимни биринчи раундда нокаут қилиб, мақсадимга эришдим

 

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ташкил этилдиган профессионал бокс кечасида жиззахлик боксчи Жалолиддин Ўктамов дебют жангини ўтказди.

Истеъдодли боксчимиз профессионал рингдаги биринчи учрашувида россиялик Александр Тихонов билан жанг қилди. Ушбу баҳсда Жалолиддин Ўктамов биринчи раундда рақибини нокаутга учратди.

SPORTS.uz ахборот портали янги чиққан нокаутчи - Жалолиддин Ўктамовдан махсус интервью олди.

- Жалолиддин, илк ғалаба билан мухлислар номидан табриклаймиз! Жанг таассуротлари ҳақида гапириб берсангиз.

- Табрик учун раҳмат. Профессионал рингдаги дастлабки учрашувимдан олдин бироз ҳаёяжонландим. Лекин учрашувга пухта тайёргарлик кўргандим. Рингга кўтарилишим билан ўзимни қўлга олдим ва мақсад сари дадил қадам ташладим. Профессионал боксдаги илк жангимни нокаут билан якунлашни истагандим. Жангда муаммога дуч келмади. Ўзим истагандек Александр Тихоновни биринчи раунддаёқ ерга қулатдим. Албатта, бу жангда ҳаваскорлар боксчида орттирган тажрибам қўл келди. Мен кейинги жангларни ҳам нокаут билан якунлашга ҳаракат қиламан.

- Боксдаги мураббийларингиз кимлар ва ҳаваскор боксчи сифатида қандай ютуқларга эришгансиз?

- Биринчи устозим жаҳон кубоги ғолиби Лазизбек Зокиров. Узтозим менга бокс сир-асрорларини пухта ўргатган. Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Алишер Қодиров ҳам мени жангларга тайёрлайди.

Ҳаваскор боксчилар орасида ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Катталар ўртасида мамлакат чемпионатида совринли ўринларни эгалладим. Кўп халқаро турнирларда ғолиб чиққанман. Жаҳон кубоги мусобақасида қатнашганман.

- Боксда кимларга ҳавас қиласиз ва профессионал боксда ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйгансиз?

- Ўзбекистонлик боксчилардан Элшод Расулов ва Дилшод Маҳмудовнинг жанг услуби менга кўпроқ ёқади. Ҳар икки боксчи жаҳон майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишган. Уларга чин дилдан ҳавас қиламан.

- Профессионал боксда мен учун энг зўр боксчилар Муҳаммад Али ва Рой Жонсдир.

- Профессионал боксга шунчаки жанг қилиш учун ўтганим йўқ. Олдимга катта мақсадларни қўйганман. Ўз вазнимда жаҳон чемпионлиги камарини олишни истайман. Профессионал боксчи сифатида юртимиз байроғини баланд кўтаришни орзу қиламан.

Ўзбек бокс мактаби дунёда энг кучлилардан. Бир неча ҳамюртларимиз профессионал боксчда жаҳон чемпиони бўлган. Ҳозир ҳам кўп тенқурларим ва мен билан бир пайтда шуғулланган дўстларим профессионал боксда ютуқларга эришиб, мухлису мутахассислар эътибори ва ҳурматини қозонмоқда.

Жалолиддин, суҳбат учун раҳмат. Фаолиятингизда омад ва ғалабалар тилаймиз.

- Раҳмат.Мен ҳам ғалабаларим ва нокаутларим билан мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.

SPORTS.uz

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.