"Лестер"ни чемпион қилган Раньери Италия терма жамоасини бошқариши мумкин

19 ноябрь,2017, 10:00 208

Франциянинг “Нант” клуби бош мураббийи Клаудио Раньери Италия терма жамоасини бошқариши мумкин. Бу ҳақда Calcionews24 нашри хабар бермоқда.

Юқоридаги манбаанинг ёзишича 66 ёшли италиялик мутахассис ушбу лавозимни эгаллаши мумкин бўлганлар орасида асосий номзодлардан бири ҳисобланмоқда.

Таъкидлаш лозимки, бундан аввалроқ Италия терма жамоаси бош мураббийлигига Карло Анчелотти, Роберто Манчини ва Массимилиано Аллегри каби мутахассислар ҳам таклиф қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ, сўнгги маълумотларга қараганда ушбу мураббийларнинг ҳеч бири ушбу таклифга розилик билдирмаган.

Эслатиб ўтамиз, Жампьеро Вентура бошқарувидаги терма жамоа ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга кирита олмагач, ушбу мутахассис истеъфога чиқарилган эди.