“Локомотив” – Нефтчи”. Устунлик “темирйўлчилар” томонида

 

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони – “Локомотив” бугун, 27 май куни Олий Лига 12-турида Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасига қарши баҳс олиб боради.

ФАКТ: “Локомотив” айни дамда 10 та ўйиндан сўнг 23 очко жамғарганча, Олий Лига мусобақа жадвалида карвонбошилик қилмоқда. “Нефтчи” ҳисобида эса 11 та учрашувдан сўнг 10 очко мавжуд ва фарғоналиклар мусобақа жадвалининг 15-поғонасидан жой олишган.

Ўзбекистонда ўзига яраша ном қозонган ушбу икки клуб шу пайтга қадар миллий чемпионат доирасида 24 бор ўзаро тўқнаш келишган. Мазкур қарама-қаршиликда “темирйўлчилар” жамоаси устунликка эга.  “Локомотив” ўтказилган 13 та беллашувни ўз фойдасига ҳал этган.

7 та ўйин эса “Нефтчи”нинг ғалабаси билан тугаган. Яна 4 та баҳс дуранг билан ўз ниҳоясига етган. Қайд этиш жоизки, дурангларнинг барчаси 1:1 ҳисобида якунланган. Ўзаро учрашувлардаги тўплар нисбати ҳам жамоамиз томонида – 40-32.

 “Локомотив” “Нефтчи” устидан ўтган йили 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ўша ўйин “Локомотив”нинг Фарғона жамоаси устидан эришган энг йирик ғалабаси бўлиб турибди.

Сўнгги бор “Нефтчи” “Локомотив”ни 2010 йилги мавсумда ўз уйида 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Шундан буён “темирйўлчилар” фарғоналикларга ютказмай келмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!