Мессининг ҳикояси: Салфеткадаги имзодан 42.5 миллион еврогача

30 ноябрь,2017, 22:00 1685

Мессининг ҳикояси: Салфеткадаги имзодан  42.5 миллион еврогача

Ўтган ҳафтанинг шанбасида Лионель Месси “Барселона” билан шартономасини узайтирди. Янги шартномада тўрт мавсум давомидаги ҳамкорлик назарда тутилган (2021 йилгача).  Қўшимча маблағ миқдори 700 миллион еврога етказилди. Бир йиллик маош эса 30 миллион еврони ташкил этади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Шартномани узайтиришга қарор қилгани учун аргентиналикка яна 50 миллион евро насиб қилди. Бундан кўринадики, яқин тўрт йил ичида Лионелнинг даромади йилига 42.5 миллион еврони ташкил этади. Ҳар қанақа оғизнинг сувини қочирадиган даромад, шундай эмасми?!

Энди баралла расмий равишда Мессининг коинотнинг энг юқори даромадли футболчиси деб айтиш мумкин. Карлос Тевес ("Шанхай Шэньхуа", 38 млн), Неймар ("ПСЖ", 36 млн) ва Криштиану Роналду ("Реал", 34 млн) Мессига ҳавас қилишса арзийди.

Каталония клуби ва Месси ўртасида тузилган шартномаларни кўриб чиқадиган бўлсак, улар саккизтани ташкил этади. Илк шартнома тузилган пайтдан кейи ўтган 17 йил мобайнида аргентиналикнинг даромади 6000 баробарга ошганини кўришимиз мумкин: 7200 евродан (бу пулнинг барчаси кичкина Леонинг дориларига сарф бўларди) 42.5 миллион еврога.

Дастлабки шартнома

Расмий шартномаларни тузиш ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган эмас — Месси ва “Барселона” ўртасида норасмий, “нолинчи” шартнома ҳам мавжуд. Салфеткага 2000 йилнинг 14 декабр куни муҳрланган ўша афсонавий шартномада каталониялик мураббийни ҳайратда қолдирган 13 ёшли болакайнинг дори-дармон учун ойлик харажатларини (600 евро) клуб ўз бўйнига олиши баён этилиб, Карлес Решак имзоси билан тасдиқланган. Орадан 4 йил ўтиб, 2004 йилнинг октябрь ойида Лео Франк Райкаард раҳбарлигидаги асосий таркибда илк бора тўп суради.


Биринчи шартнома

2005 йилнинг июнига қадар Лео асосий таркибда 9 маротаба тўп суришга улгуради. 18 ёшга тўлиши билан “Барселона” президенти Жоан Лапорта билан илк расмий шартнома тузилади. Техник котиб Чики Бегиристайн  Месси Аргентина термасини U-20 ЖЧ да олтин сари етаклаётган Утрехтга ҳужжатларни олиб боради. 150 миллион евро қўшимча маблағ асосида 2010 йилгача ҳамкорлик қилиш белгиланган шартномага Мессининг имзоси етишмаётганди, холос. Леонинг биринчи маоши қанча бўлганлиги аниқ эмас, лекин унинг жамоанинг бошқа аъзолари билан бир хил миқдорда ҳақ олганлиги ҳақидаги узунқулоқ гаплар юради.


Иккинчи шартнома

Уч ой ўтар-ўтмас, яқинда тузилган шартнома шартларини кўриб чиқиш кераклигини Месси исботлади. Ёшлар ўртасидаги ЖЧда чемпионликдан кейин июл ойида “Ювентус”га қарши баҳсда иштирок этади. Айнан шу воқеа бутун Европа нигоҳининг Леога қадалишига сабаб бўлади. Каталонияликларнинг офисидаги телефон тинимсиз қўнғироқлардан “дод” дея бошлади, ҳатто Мадриддан ҳам таклиф қўнғироғи бўлади. Аммо Лапорта ақлли йўл тутади — ёш футболчининг маошини дарҳол кўтарди (турли фикрларга кўра, бу кўрсаткич йилига 1-1.5 миллион еврони ташкил этган) ва шартнома муддатини 2014 йилгача узайтирди.


Учинчи шартнома

2007 йилнинг январ ойига келиб шартнома талаблари учинчи маротаба қайта кўриб чиқилади. 19 ёшли билан ҳамкорлик муддати ўзгармаган бўлса-да , маош 3 миллион еврога етказилди.


Тўртинчи шартнома

Жамоа таркибидаги ўзгаришлар — Райкаард, Роналдино, Декунинг кетиши, Гвардиоланинг келиши ҳамда Мессининг биринчи планга чиқиши шартномани ислоҳ қилишга ундади. 2008 йил июнида Лео маошнинг 8.5 миллион еврога ошганлигини тасдиқловчи шартномага қўл қўяди. Бу билан у жамоанинг энг кўп маош оладиган аъзолари сафига қўшилади ва унинг қўшимча маблағи 250 миллион еврони ташкил эта бошлайди. Энди унга ҳамма нарса мумкиндек эди гўё. Мавсумолди тайёргарликлари энг авжига чиққан бир пайтда Пеп унга Аргентина олимпия терма жамоаси билан Пекинга боришига рухсат беради. Бу гал ҳам Мессси ишончни оқлади — олтин медал билан қайтди.


Бешинчи шартнома

Месси ўзини “эракалатишаётган”ини чин маънода оқлай оларди. Унинг бир-бирини эргаштириб келаётган муваффақиятлари Пеп қўл остидаги жамоанинг мавқеини ҳам кўтарди — ғалабалар коллекцияси, дунёнинг энг яхши футболчиси мақоми ( карьерадаги илк “Олтин тўп”), мавсум давомидаги 6 та ғалаба ( Ла Лига, Испания кубоги, Чемпионлар Лигаси, УЕФА суперкубоги, Испания сперкубоги, ЖЧ). 2009 йил сентябрида аргентиналик билан шартномани 2016 йилгача узайтиришга келишилди, маош эса 11 миллион еврога етди — Месси илк бор энг кўп маош оладиган футболчи мақомини олди.


Олтинчи шартнома

Орадан уч йил ўтди. Сандро Россель Хави, Пуйол ва Месси билан шартномалар ўзгартирилгани ҳақида маълум қилди. Янги келишувга кўра, аргентиналикнинг клубдан оладиган маоши йилига 16 миллион еврони ташкил этади, ҳамкорлик 2018 йилга қадар давом этади.


Еттинчи шартнома

Ислоҳ қилинган еттинчи шартномасини Месси 2014 йилнинг майида имзолади. Бу ўзгариш жамоа аъзолари ва Хавьер Фаус ўртасида молиявий масалалар бўйича ади-бади келиб чиқишига сабаб бўлди. “Нима учун ҳар ярим йилда ўйинчиларимиз билан шартномаларни узайтиришимиз керак? Месси билан келишув яқиндагина қайта кўриб чиқилганди”, дея хитоб қилган Фаус  Леодан “ Жаноб Фаус футболда ҳеч вақони тушунмайди , “Барселона”га худди расмий ташкилотни бошқараётгандек раҳбарлик қилишни истайди, лекин бунақаси кетмайди”, деган жавобни олган эди.


Саккизинчи шартнома

“Тасдиқланганмикан ёки йўқ” сингари гап-сўзларга ссабаб бўлган, барчани ҳаяжонга солган саккизинчи шартнома 25 ноябрь куни расмий равишда имзоланди. Кўпчилик мухлислар учун бу ҳақиқий шов-шувга айланганига шубҳа йўқ.

Тасаввур қилинг: йилига 42.5 миллион евро бу — ойига 3.54 миллион, кунига  118 минг, соатига 5 минг евро деган гап. Ҳа, “ўзга сайёралик” Месси буни оқлади...

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.