Миржалол Қосимов: Фуболчиларимнинг барчаси қизлар билан гаплашадиган бўлган, уларни ёш деманг

Олий лиганинг 13-туридан ўрин олган «Бунёдкор» - «Қўқон-1912» (2:1) учрашуви якунлангач ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида «қалдирғочлар» бош мураббийи Миржалол Қосимов қатнашди. Бу ҳақда «Қўқон-1912» жамоаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

- Жуда ҳам қизиқарли, шиддаткор ва жанговор ўйин гувоҳига айландик. Шу каби учрашувлар мухлисларга ёқади. Бугун стадионга келган ишқибозлар яхши, сифатли футбол кўришди. Қўқондан ташриф буюрган мухлисларга катта раҳмат айтаман. Гарчи улар уйларига тушкун кайфиятда қайтишаётган бўлсада, футболдан завқ олишди, деб ўйлайман.

Натижадан қониқдик. Ўйинда кўплаб вазиятлар яратдик. Лекин улардан фойдаланиш коэффициенти паст. Бугун чизиқлар орасида бироз бўшлиқ пайдо бўлди. Айрим футболчиларимиз терма жамоа ихтиёридан етиб келишгани боис бироз толиқиш бўлди. Аммо бу футболда бўлиб турадиган нарса.

- Элдор Шомуродовнинг ўйини хусусида фикрингиз қандай?

- Элдор Шомуродовнинг ўйини қониқарсиз. Авваламбор Элдор иқтидорли футболчи саналади. Индивидуаль жиҳатдан ҳам кучли футболчи. Аммо бу йилги ўйинлари анча пасайди. Омади чопмаяпти, демаган бўлардим. Шомуродов ўз устида ишлашни пасайтириб юборди. Унинг ҳаёли четга кетиш шекилли. Футболчи шартномаси тугагунга қадар ўйнаб бериши керак. Футболни мажбуран ёки таниш-билишчилик билан ўйнатиб бўлмайди.

Яқинда унга статистикани кўрсатдим, ҳужумчи учун гол муҳим. Шомуродов эса жорий мавсумда ҳали чемпионатда бирорта гол ургани йўқ. Имкон қадар Шомуродов билан алоҳида гаплашиб, унинг ҳолатини яхшилашга ҳаракат қиляпман. Умид қиламанки, давралар оралиғида ўз спорт формасини тиклайди ва иккинчи даврада ўзини яхши тарафлама кўрсатади.

- Ёшлар билан ишлаш қийин бўлмаяптими?

- Таркибда 16 17 ёшли футболчилар йўқ. 20 ёшдан ошган футболчиларни ёш дейишни бас қилиш керак. Таркибдаги футболчиларимизнинг барчаси қизлар билан гаплашадиган бўлган, уларни нимаси ёш? Мана оддий мисол, «Аякс»ни қаранг? Булар аллақачон улғайиши керак.

- «Қўқон-1912» жамоаси ўйини ҳақида қандай фикрдасиз? Бугун уларнинг мағлубиятсиз сериясига чек қўйилди...

- «Қўқон-1912» жуда яхши жамоа. Ҳасанов ажойиб жамоани шакллантирмоқда. Таркиб жиҳатдан ҳам яхши футболчилар йиғилган. Легионер ҳужумчи Райевац ҳам яхши имкониятларга эга футболчи. Биз ҳам бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўрган эдик”, – деб айтиб ўтди «қалдирғочлар» устози Миржалол Қосимов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!