Мўминжонов селекцияга ҳам эътибор қаратмоқда

Жорий мавсумда "Навбаҳор"да селекция ишларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти ва мураббийлар штаби Наманган вилоятидаги барча иқтидорли футболчиларни жамоага жалб этишни мақсад қилган. Шу ниятда, ҳаттоки, чекка қишлоқлардаги футбол мактабларига ҳам бориб, маҳоратли футболчиларни саралаб олиш режалаштирилган.

Шу мақсадда, 23 март куни Наманган вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Баҳром Холмирзаев, “Навбаҳор” ПФК директори Акрамжон Дедабаев ва “Навбаҳор” ПФК бош мураббийи Илҳом Мўминжонов “Навбаҳор - Лочинлари” ПФК қошидаги “Навбаҳор - Умид” футбол академиясига ташриф буюришди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фахрий меҳмонларга “Навбаҳор - Умид” футбол академияси директори Акмал Раҳмонов ва U-18 мураббийи Аъзам Ражаббоев ҳамроҳлик қилишди. Ёш футболчиларнинг маҳоратларини кўздан кечириш мақсадида 1999, 2000 ва 2001 йилларда туғилган академия тарбияланувчилари ўртасида 2 бўлимдан иборат, ҳар бўлими 15 дақиқалик футбол учрашуви ўтказилди.

Футбол ўйинидан сўнг, 2-3 нафар иқтидорли футболчилар билан суҳбат уюштирилди ва ўз устиларида кўпроқ ишлашлари лозимлиги уқтирилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!