“Навбаҳор” – “Нефтчи”: Ўзаро баҳсларидаги 51-ўйин арафасида

 

Водийнинг икки номдор жамоалари Наманганнинг “Навбаҳор” ҳамда Фарғонанинг “Нефтчи” жамоалари Олий лиганинг 3-турига келиб мавсумдаги илк “Водий дербиси”да тўқнаш келишмоқда.

Мавсумлар оралиғида таркибни кучайтирган ва янги мавсумда ўз олдига юқори мақсадларни қўйган бу икки клубнинг галдаги беллашуви ҳам қизғин тус олиши аниқ. Шунингдек рақиблар таркибида бир қатор собиқ жамоадошлар шу куни бир-бирларига қарши майдонга саф тортишади.

Бу ҳам ўзига ҳос қизғин рақобатни юзага келтиради. Ўз вақтида “Нефтчи”нинг энг кучли ярим ҳимоячиларидан бири бўлган Мансур Саидов, бир-неча йиллар давомида ўзининг ҳимоядаги ишончли ўйинлари билан танилган Жаҳонгир Меҳмонов ҳамда ўтган мавсум Фарғонада ўтказган Алишер Саматов 16 март куни собиқ жамоаларига қарши тўп тепишади. Бундай мисолларни “Нефтчи” сафида ҳам кўришимиз мумкин.

Олий лига-2016да наманганликлар сафида порлаган тезкор ярим ҳимоячи Акрам Баҳриддинов 3-турда ўз вилоятдошлари билан беллашади. Олий лигада узоқ йиллардан бери иштирок этиб келаётган “Навбаҳор” ҳамда “Нефтчи” клублари шу кунга қадар 50 учрашувлик довондан ўтишга ҳам улгуришди.

16 март санасида “Навбаҳор” – “Нефтчи” рақобатининг 51-баҳсига гувоҳи бўлиш имкониятига эгамиз. Ўзаро ўйинлар статистикаси фарғоналикларнинг устунлигини кўрсатмоқда. “Нефтчи” сўнгги 50 ўйин ичида 25 марта Наманган жамоасидан устун келган. 12 ўйинда томонлар дўстлик кўчасини танлашган. 13 та учрашувда эса наманганликларнинг қўли баланд келган. “Нефтчи” ўзаро ўйинларда 75 бор рақиб дарвозасига йўл топа олган. “Лочинлар” эса 50 бор гол киритишган. “Нефтчи” ўзаро ўйинларда 87 очкони қўлга киритган бўлса, “Навбаҳор” ҳисобида 51 очко мавжуд. “Навбаҳор”нинг “Нефтчи” устидан қозонган энг йирик ғалабаси – 3:0 бўлиб турибди. “Нефтчи”нинг йирик ғалабаси эса – 4:1.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!