ЎФФ президенти Мадридда Хорхе Вальдано билан учрашди

Хабарингиз бор, бундан аввалроқ Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Испания футбол федерацияси раҳбарияти таклифига биноан расмий сафар билан Испанияга жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.

ЎФФ расмий  сайтининг маълум қилишича бугун Умид Аҳмаджонов Мадридда аргентиналик собиқ футболчи, 1986 йилги Жаҳон чемпионати ғолиби Хорхе Вальдано билан учрашди.

Маълумот учун, Хорхе Вальдано ўз вақтида “Валенсия”, “Реал” Мадрид каби клубларда мураббий сифатида фаолият юритган. Шунингдек,  бир муддат “Реал” Мадрид футбол клуби бош директори сифатида ҳам иш олиб борган.

Таъкидлаш лозимки, учрашув давомида ЎФФ президенти Хорхе Вальдано билан Ўзбекистонда малакали футбол мураббийларини тайёрлаш бўйича янги тизимни яратиш, болалар ва ўсмирлар футбол мураббийларининг савиясини ошириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Шунингдек, Умид Аҳмаджонов "Реал Мадрид" футбол клуби раҳбарияти томонидан "Реал Мадрид"- "Депортиво" учрашувини бевосита "Сантьяго Бернабэу" стадионидаги президент ложасидан томоша қилишга таклиф этилган бўлиб, учрашувдан сўнг “Қироллик клуби” раҳбарияти билан ҳам учрашиши режалаштирилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!