ОФК ўзбекистонлик ёш ва истиқболли ҳакамларни синовдан ўтказади

 

 

Шу йилнинг 3–5 октябрь кунлари Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) ташкилотга аъзо федерацияларнинг ёш ва истиқболли футбол ва футзал ҳакамлари учун Куала-Лумпур шаҳрида махсус синов курсларини ташкил қилади.

Унда 3 нафар ўзбекистонлик рефери – Аҳрол Рисқуллаев (футбол – суратда марказда) ҳамда Жамолиддин Қосимов ва Искандар Зоитов (иккиси ҳам футзал) иштирок этади. Жароҳати туфайли Дмитрий Пислегин Куала-Лумпурга бора олмади. Синов курсларига чақирилган ҳакамларга қуйидаги талаблар қўйилган:

  •          ФИФА рўйхатидан ўтган;
  •          2018 йил 1 январь ҳолатига 35 ёшдан ошмаган;
  •          мамлакат чемпионатида ўйинлар бошқариш бўйича тажрибага эга бўлиши;
  •          ва инглиз тилини билиши керак.

Иштирокчилар синов давомида фитнес-тест, видео-тест ва “Футбол (футзал) ўйини қоидалари” бўйича имтиҳон топширади. Футбол бўйича ҳакамлар синовлардан муваффақиятли ўтса, ўз мамлакатида яна 2 марта синовдан ўтказилади ва якунда ОФК ҳаками мақомига эга бўлди. Ушбу синовлардан ўтган футзал ҳакамлари эса ОФК ҳаками мақомига эга бўлиб, халқаро учрашувларни бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.

Синов курслари давомида, шунингдек, Ўзбекистон футзал ҳакамлари бўйича бош мутахассис, тажрибали футзал ҳаками Шуҳрат Пўлатов тингловчи инструктор сифатида иштирок этади.

Маълумот учун, ОФК Ҳакамликни ривожлантириш бўлими бошлиғи, ўзбекистонлик Карине Мурадян ОФКнинг ёш ва истиқболли футбол ва футзал ҳакамлари учун синов курслари координатори этиб тайинланган. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!