“ОРЗУ” китобини ўқиб...

30 март,2017, 19:21 811

“ОРЗУ” китобини ўқиб...

Ҳаётда ёки айнан футболда қандай қилиб, юксак чуққиларни забт этиш мумкин? Нима қилсак, жаҳонннинг машҳурларидан бирига айланамиз? Месси ўзга сайёраликми? Унда сиз қаердан келиб қолгансиз? Сизда ҳам улардаги қобилият борми? Бор бўлса, ўзингиз бунга ишонасизми?

Биласизми? Дунёнинг машҳур футболчиларининг сиздан ҳеч қандай устунлик томони йўқ!

Хўш, агар уларнинг сиздан устунлик томони бўлмаса, нега сиз машҳур эмассиз?

Нега сиз доим “нормалный”сиз? Сиз ҳамма қаторимисиз? Ёки Сиз бошқачамисиз? Нега кўпгина ҳужумчиларимиз, майдонни голсиз тарк этишаяпти? Нега миллий терма жамоамиз сафида тўп тепаётган футболчиларимиз, биз истаган натижаларни қўлга кирита олмаяпти?     

“ОРЗУ” китобини ўқиб чиқсангиз, кўпгина ана шундай саволларга жавоб топасиз! Балки, бу китобни ўқиб чиққан футболчи укаларимиздан келажакда дунёга машҳур футболчилар етишиб чиқар!   

Миллионлар ўйини футболга, дунёнинг кўп жойларида бўлгани каби, юртимизда ҳам қизиқмайдиган инсон кам топилади. Шунчаки футбол ўйнаш эмас, балки ҳамма ҳавас қиладиган, оламда машҳур футболчи бўлиш учун кишида қандай ҳислатлар бўлиши керак? Муаллиф, ушбу китобида инсон руҳияти имкониятларининг қандай катта кучга эга эканлигини кенг ёритиб берган.

Қани энди, ушбу китоб ҳар бир футболчида, уларнинг машҳур футболчи сифатида кўриш нияти бўлган ота-оналарида, унга футбол сирларини ўргатаётган мураббийларида бўлса эди.

Муаллиф ҳақида қисқача маълумот: Маҳмаюсуф Бердиев. 1969 йилда Китоб тумани Кўмиртепа қишлоғида туғилган. Ўзбекситон Миллий университетининг физика факультетини тугатган. Дастлаб Майданак обсерваториясида кичик илмий ходим лавозимида ишлаган. “Китоб” футбол жамоаси ўйинчиси, болалар ва ўсмирлар футбол мактаби мураббийси, директори сингари вазифаларида қарийб йигирма йил фаолият олиб борган. ФИФА “С” томфасидаги лицензия соҳиби.

Муаллифнинг “Орзу” китоби яқинда нашрдан чиқарилди. Китоб Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий, профессор Рустам Акрамовнинг кириш сўзи билан бошланган. У киши: “Фақат бир жиҳатдан афсусланаман. Менинг ўсмирлик йилларимда юксак мақсадлар сари элтувчи “Орзу” каби китобнинг бўлмаганлиги... Ким билади, балки бундай китоб билан менинг ҳаёт йўлим ва спортдаги фаолиятим янада омадлироқ ва ёрқинлироқ бўлармиди?..” . Яна: “Агар сиз “Юлдуз” бўлишни ҳоҳласангиз, агар сизда миллионер бўлиш нияти бўлса, менинг азиз ва ёш ҳамкасбларим, бу китобни ўқиб чиқишга шошилинг, унинг ҳар бир бобига сингиб кетинг”,-дейдилар.

Шунингдек мазкур китоб ҳақида, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, таниқли футбол шарҳловчиси, мамлакатимиздаги футбол журналистларининг катта устози Ахбор ака Имомхўжаев ҳам жуда кўп ижобий фикрларни айтганлар.

“Орзу” китобидаги мавзулар асосан футболчилар учун мўлжаллангандек, аммо бу китобдан  кенг омма ҳам фойдаланса бўлади. Бунга мисол тариқасида, китобга киритилган сўнгги кулминацион боб – “Олтинчи сезги”ни келтириш мумкин.

Китобдан иқтибос келтирамиз: “Олтинчи сезгиси ишга тушган футболчилар МУВАФФАҚИЯТГА МАҲКУМДИРЛАР! Уларни биз туғма талант, туғма истеъдод, деб атаймиз. Ва ўзимизча вақт ҳам белгилаймиз. Яъни, бунақа истеъдодлар 30 йилда, 50 йилда, 100 йилда бир марта дунёга келади, деймиз. САФСАТА! Дунёга келган ҳар бир ўғил – қиз табиий истеъдодли ва таланти билан дунёга келади. Фақат олтинчи сезгисини онгсиз равишда ишга тушириб, ундан фойдаланадиганлар бор ва олтинчи сезгисини уйғатолмай ундан фойдалана олмайдиганлар бор, холос. Бу сезги ҳаммада бор. Йўқ бўлиши мумкин эмас”.

Китобнинг тўлиқ моҳиятини ўқиб чиққандан кейин биласиз. Ишончимиз комил, бир марта ўқиб, яна бошидан бошлаб юборганингизни билмай қоласиз. Бу китоб қайта-қайта ўқишга арзийдиган китоб.

Сўзимиз сўнггида бир сирни ошкор этамиз. Китоб муаллифи ўзбек футболи оламида машҳур бўлган сулола – Бердиевлар оиласидандир. Бу оила аъзоларининг футболни чин маънода севиши, уни ҳаёт мазмунига айлантира олганлари, бизга маълум. Фақат, бу китобни Рўзиқул Бердиев ўқиб чиққанмикан? Бу бизга номаълум.  Балки, бу мураббийнинг муваффақияти ана шу китобдаги мавзулардан хабардорлигидадир. Агар ўқиб чиқмаган бўлсачи? Агар ўқиб чиқса, унда унинг жамоаси машҳурларга бой бўлишига шубҳа қилмаймиз.

Ўхшаш хабарлар