Олег Тюлькин: “Динамо” 6 та вазиятдан гол уролмади

21 июнь,2017, 11:01 181

Олег Тюлькин: “Динамо” 6 та вазиятдан гол уролмади

 

Олий Лига 14-туридан ўрин олган «Локомотив» – «Динамо» (2:0) учрашувидан кейин самарқандликлар бош мураббийи Олег Тюлькин ўйин борасидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Очиғи, бугун нима бўлганлигини йигитлар ҳам тушунмай қолишди. Амалдаги чемпион саналмиш «Локомотив» билан ўйин қийин ўтишини билардик, шунга қарамай, фақат ғалабани кўзлагандик. Учрашувдаги натижа ўйинга мос бўлмади. Дастлабки 15 дақиқанинг ўзида учта яққол голли вазиятдан фойдалана билмадик.

Умуман олганда, «Динамо» 6 та яққол голли вазиятдан фойдалана олмади, «Локомотив» эса иккита голли вазият яратиб, иккита гол урди. Рақиб дарвозабони ҳам яхши ҳаракат қилди. Фаолиятимда бунақа омадсизликни кўрмагандим. Биргина Абдумалик Абдуллаевнинг ўзи ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди, аммо бугун на Абдумаликнинг, на «Динамо»нинг куни эмас экан. Омад биздан очиқчасига юз ўгирди. Акс ҳолда бугун камида учта гол уришимиз керак эди.

Мағлубиятга қарамай, футболчиларимиз ўйинидан қониқдик. Йигитлар майдонда борларини беришди. Қолаверса, Самарқанддан келган мухлисларимиз ҳам бизни тинмай қўллаб-қувватлашди. Биринчи давранинг сўнгги ўйинида «Машъал»га қарши тўп сурамиз. Энди ушбу ўйинга жиддий тайёргарлик кўришимиз шарт», – деди Олег Тюлькин.