Олий лига. “Қўқон-1912” сафарда “Олмалиқ” билан дуранг ўйнади

Бугун “Қўқон-1912” сафарда «Олмалиқ» жамоасига қарши 1-давранинг сўнгги учрашувини ўтказди. Ўтган йили ҳам қўқонликлар биринчи давранинг охирги ўйинини Олмалиқда ўтказганди. Ўша голларга бой тарзда ўтган баҳсда мезбонлар ғалаба қозонишганди. Бу сафарги баҳсда ҳисоб очилмади ва ушбу жамоалар ўртасидаги тўқнашувларда биринчи марта дуранг натижа қайд этилди.

Мазкур учрашувга бўлган қизиқиш жуда юқори эди. Бунинг боиси “Қўқон-1912” жамоаси мавсумни фантастик даражада ўтказмоқда. Виктор Кумиков бошчилигидаги клуб эса мавсум бошидаги омадсиз ўйинлардан кейин ўзига келиб олди ва охирги баҳсларни юқори савияда ўтказмоқда.

Учрашув шунга монанд равишда шиддатли тарзда бошланди. Дастлабки дақифалардан ҳар икки жамоа ҳужумга зўр беришди.

9-дақиқада қулай имкониятдан фойдалана олмадик. Ўнг қанотдан жарима зарбаси тепиш учун имконият бўлган эди.

18-дақиқада Суҳроб Бердиевнинг зарбасини мезбонлар посбони қайтариб қолди. 26-дақиқада майдон эгалари бурчак зарбасини тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Абдуллаев тўпга биринчи бўлиб етиб келди ва хавфни бартараф этди.

30-дақиқада мезбонлар ҳисобни очишлари мумкин эди. Дарвоза тўсини меҳмонларни голдан сақлаб қолди.

33-дақиқада жамоамиз етакчиси Мурод Холмуҳаммедов рақиб футболчиси билан тўқнашувда кичик жароҳат олди ва ўйиннинг қолган қисмини боши боғланган ҳолда давом эттирди.

Биринчи бўлим нурсиз дуранг билан якунига етди.

Иккинчи таймни ҳам жамоалар фаол тарзда бошлашди. 48-дақиқада майдон эгалари чамаси 17-18 метрлардан жарима тўпини тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Йеличнинг зарбаси юқоридан кетди.

55-дақиқада бош ҳакам меҳмонлар дарвозаси томон яна битта жарима белгилади. Бу сафар тўпнинг йўлига Мурод Холмуҳаммедов туғаноқ бўлди.

74-дақиқада Суҳроб Бердиевда ҳисобни очиш учун имконият вужудга келди. Аммо ҳужумчи қулай вазиятни қўлдан бой берди.

80-дақиқада рақиблар Бердиевга нисбатан қўполлик ишлатилди.  Жарима зарбасидан кейин Сидиқовнинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди.

86-дақиқада Нўъмон Ҳасанов шогирдлари яна бир жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу сафар Бердиевнинг зарбаси дарвоза устунидан қайтди.

Қолган дақиқаларда ҳар икки жамоа ҳам юзага келган имкониятлардан унумли фойдалана олмади ва учрашув нурсиз дуранг билан интиҳо топди.

Олий лига . 15-тур 

«Олмалиқ» (Олмалиқ) – «Қўқон-1912» (Қўқон) – 0:0

Ҳакамлар: А. Асимов (Тошкент), А. Расулов (Тошкент), Ж. Саидов (Тошкент), Р. Абдувоҳидов (Қарши)

Назоратчи: А. Арутюнов (Тошкент).

ЎзПФЛ вакили: Б. Ҳайдаров.

"Олмалиқ": 46. Хуршид Хўжаев, 2. Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, 8. Шота Григалашвили, 10. Шоҳназар Норбеков (94. Хуршид Мухторов – 61), 17. Камолиддин Мурзоев, 18. Шавкат Муллажонов, 19. Ислом Иномов, 21. Ғулом-Ҳайдар Ғуломов (9. Забиҳилло Ўринбоев – 75), 55. Раҳматулло Бердимуродов, 88. Игорь Йелич, 90. Владислав Касминин.

Захира: 45. Акбар Тўраев, 7. Алибобо Раҳматуллаев, 11. Виктор Клишин, 15. Фархат Мусабеков, 77. Муҳаммад Исаев.

“Қўқон-1912”: 21. Музаффар Абдуллаев. 5. Жалил Кимсанов, 7. Жамшид Ҳасанов, 9. Носир Отақўзиев (97. Ойбек Рустамов – 64), 10. Жавоҳир Сидиқов (11. Андрей Сидоров – 89), 19. Суҳроб Бердиев, 26. Акмал Холмуродов, 55. Дарко Гожкович, 77. Мурод Холмуҳаммедов (4. Баҳодир Акрамов – 76),  85. Руслан Мельзеддинов, 99. Филип Райевац.

Захира: 12. Азиз Ашуров, 8. Собир Ҳамидов, 24. Иброҳим Раҳимов, 96. Муҳаммаданас Ҳасанов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!