Ўзбек боксчилари ҳали ҳеч ким уддалай олмаган рекорд ўрнатди

8 май, 00:30 7260

Ўзбек боксчилари ҳали ҳеч ким уддалай олмаган рекорд ўрнатди

 

Тошкент шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича Осиё чемпионати ўзбек боксчиларининг мутлақ ғалабаси билан якунланди.

Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси шафеълигида, Осиё бокс конфедерацияси ва Ўзбекистон бокс федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган қитъа чемпионатида 28 та давлатнинг энг кучли боксчилари ўзаро куч синашди.

200 нафарга яқин энг кучли боксчи ўнта вазн тоифасида медаллардан ташқари, шу йилнинг август ойида Германияда бошланадиган бокс бўйича жаҳон чемпионати йўлланмалари учун рақобат қилди.

Айтиш жоизки, Осиё чемпионатларига тамал тоши қўйилган 1963 йилдан буён бу галги мусобақани қўшиб ҳисоблаганда жами 29 маротаба ўтказилган қитъа чемпионатлари тарихида ҳали бирор бир мамлакат терма жамоасига олтин медалларнинг 90 фоизини қўлга киритиш насиб этмаган.

Халқаро бокс қоидаларига кўра, боксчилар қитъа биринчилигида 2011 йилга қадар 11 вазн тоифасида рингга чиққан. Шунда ҳам бир мамлакат вакиллари ҳеч қачон медалларнинг тўқсон фоизини ўзиники қила олмаган.

Тошкентдаги мусобақада иштирок этган боксчиларимиз олдига асосий вазифалардан бири сифатида Германиядаги жаҳон чемпионатига йўлланма олиш юклатилган эди. Бу вазифа ҳам 100 фоиз уддаланди ва Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида тўлиқ таркиб билан қатнашадиган Осиёдаги ягона жамоага айланди. Бу ҳам рекорд натижа аслида.

Ўзбекистон катталар ўртасидаги Осиё чемпионатига уч маротаба мезбонлик қилган бўлса, ўз навбатида боксчиларимизнинг мухлислар кўз ўнгида қўлга киритган олтин медаллари сони ҳам ўсиб бораётгани қувонарли.

Хусусан, 1995 йили илк маротаба Тошкентда бўлган қитъа чемпионатида Наримон Атаев, Дилшод Ёрбеков ва Руслан Чагаев чемпион бўлган. Тўрт  йилдан сўнг пойхатимиздаги мусобақада Дилшод Йўлдошев, Алишер Раҳимов, Тўлқунбой Турғунов, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Сергей Михайлов, Руслан Чагаев ва Рустам Саидов шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган.

Ниҳоят, бу галги мусобақада Ҳасанбой Дўсматов, Жасурбек Латипов, Муроджон Аҳмадалиев, Элнур Абдураимов, Иқболжон Холдоров, Шаҳрам Ғиёсов, Исроил Мадримов, Бектемир Мелиқўзиев, Баҳодир Жалолов Осиё чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди. Ёш боксчимиз Санжар Турсунов эса совриндорлар сафига киролмаган бўлса-да, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Шу тариқа, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё қитъасининг энг кучли жамоаси эканини яна бир карра исботлади. Энди боксчиларимиз жаҳон чемпионатида нималарга қодир эканини кўрсатиши лозим.

SPORTS.uz

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.