Ўзбекистон Кубоги-2017. "Насаф" Ўзбекистон кубогининг биринчи финалчиси билан ўйнайди

Ўзбекистон Кубоги чорак финалининг дастлабки учрашувида “Насаф”, Қўқоннинг “Қўқон-1912” жамоасини қабул қилади.

Қизиқарли ўтиши кутилаётган учрашув янгиланган “Марказий” стадионда бўлиб ўтади. Учрашув соат 19:30да бошланади. “Марказий” стадионнинг тантанали очилишига бағишланган концерт ва расмий тадбирлар соат 18:00дан бошланади. Бу ҳақда Қарши клуби расмий сайти хабар бермоқда.

“Насаф” бу йилги кубок баҳсларининг нимчорак финалида “Пахтакор”ни умумий 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, чорак финалга етиб келди.

“Қўқон-1912” жамоаси эса Бекободнинг “Металлург” жамоаси устидан умумий 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга чиққан.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, “Қўқон-1912” жамоаси жорий чемпионатда “Насаф”га нисбатан 1 очко кўп тўплаган ҳолда, турнир жадвалининг 2-поғонасида бормоқда. Тўғри, қаршиликлар ҳисобида ҳали битта қолдирилган учрашув бор.

Биласизми?  Қўқонликлар Ўзбекистон Кубогининг биринчи финалчиси бўлган

Қўқонликлар олий лига ва кубок баҳсларида бунгача “Автомобилчи”, “Темирйўлчи”, “Қўқон” номлари билан иштирок этишган.

Энг қизиқарлиси, Қўқоннинг “Автомобилчи” жамоаси 1992 йили биринчи ва сўнгги марта Ўзбекистон кубоги финалида иштирок этган. Бунда улар  “Навбаҳор” жамоаси билан куч синашган. Финалнинг асосий вақтида ҳисоб очилмаган. Пенальтилар сериясида улар 6:5 ҳисобида имкониятни бой беришган.

Яна бир қизиқарли факт, ҳозирги пайтда “Насаф” ПФКда спорт директори вазифасида ишлаётган  Виталий Николаевич Ни футболчи сифатида қўқонликлар сафида, ушбу финалда майдонга тушган. Бу пайтда “Автомобилчи” жамоасига Баҳром Ҳакимов мураббийлик қилган.

Ўзингизга маълум, “Насаф” жамоаси шу пайтгача ўз тарихида олти марта Ўзбекистон Кубоги финалида иштирок этган. Фақат 2015 йилги финалда ғолиб бўлган. Жамоанинг ҳозирги устози Рўзиқул Бердиев эса, бош мураббий сифатида қаршиликларни тўрт марта кубок финалига олиб чиққан.

“Насаф” ва Қўқон-1912” жамоаси кубок баҳсларида бунгача туқнаш келишганми?

Тарихга назар ташласак, 2001/2002 йилги Ўзбекистон Кубоги баҳсларининг айнан чорак финалида мазкур жамоалар туқнаш келишган. Дастлаб Қўқонда бўлиб ўтган учрашувда майдон эгалари кичик 1:0 ҳисобида усутун келишган. Қаршида бўлиб ўтган жавоб учрашувида эса “Насаф” 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритган.

Орадан 15 йил ўтиб, мазкур жамоалар яна кубокнинг чорак финалида куч синашишади.

Учрашув ҳакамлари ҳақида

Ушбу учрашувни бухоролик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Баҳсда Ильгиз Танташев бош ҳакамлик қилади. Унга қанотларда Хусниддин Шодмонов ва Абдураҳмон Қўлдошевлар ёрдам беришади. Захира ҳаками сифатида Элёр Турсунов ишлайди. Учрашувда ҳакамлар ишини Александр Попов назорат қилади, Тошкент шаҳридан.

Ўзбекистон Кубоги чорак финали, дастлабки учрашуви

“Насаф” (Қарши) – “Қўқон-1912” (Қўқон)     

30.06.2017. “Марказий” стадион. 19:30да

Бош ҳакам: Ильгиз Танташев (Бухоро)

Қанот ҳакамлари: Хусниддин Шодмонов, Абдураҳмон Қўлдошев (Бухоро)

Захира ҳаками: Элёр Турсунов (Бухоро)

Назоратчи: Александр Попов (Тошкент)

Ильгиз Танташев бу йилги мавсумда "Насаф" иштирокидаги битта учрашувни бошқарган. Бу “Динамо”-“Насаф” учрашуви бўлиб, унда жамоалар муроса кўчасини танлашган.

Демак, 30 июнь куни футбол ишқибозларини “Марказий” стадионда ажойиб тадбирлар ва қизиқарли учрашув кутиб турибди. Шу куни “Насаф” бу йилги чемпионатда илк марта ўз майдонида ва мухлислари қаршисида тўп тепади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!