Ўзбекистон кубоги финали қаерда ўтказилади?

Бугун ЎзПФЛ биносида Ўзбекистон кубоги-2017 финалчилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ЎзПФЛ бош директори Фарҳод Магаметов ва спорт бўлими ходимлари ҳамда "Бунёдкор" ва "Локомотив" футбол клуби вакиллари иштирок этишди.

Қуръа натижасига кўра, финалнинг расмий мезбони сифатида "Бунёдкор" номи юритиладиган бўлди. Шунингдек, уй жамоаси мақомини қўлга киритган "қалдирғочлар" қизғиш-оқ-оқ рангли либосларни танлашди. "Локомотив" эса финал куни оқ-яшил-яшил либосларни киядиган бўлди.

Ҳал қилувчи беллашув қаердалиги номаълумли бўлган учрашув учун расмий мезбон ва томонлар қайси ранглардаги футболкаларда майдонга тушишга келишиб олишди. Энди барча финал қайси стадионда ўтказилишини кутмоқда.

Биз Ўзбекистон кубогининг финал баҳси қаерда бўлиб ўтиши мумкинлиги борасида ўз тахминларимизни билдириб ўтамиз. “Бунёдкор” – “Локомотив” қарама-қаршилигига 3 та мезбонни тахмин қилмоқдамиз.  

Биринчиси: Қаршидаги “Марказий” стадион (бош номзод!!!)

Иккинчиси: Фарғонадаги “Истиқлол” стадион

Учинчиси: Бекободдаги “Металлург” стадион

Ҳўш, нима учун “Насаф” ўйингоҳи асосий номзод? Чунки “Марказий” яқиндагина таъмирлашдан чиқарилди. Стадионнинг кўриниши барчага маъқул келмоқда. Финал қачон ўтказилиши номаълум. Сўнгги йилларда ПФЛ кубок финалини қишга яқин кунларга белгилаётганини инобатга олсак, у пайтда Ўзбекистондаги аксарият майдонларнинг ҳолати яроқсиз ҳолатга келиб қолади. Аммо “Марказий”нинг майсаси ҳозирги кунда идеаль даражада. Қолаверса, декабрда ҳам бу ўйингоҳнинг аҳволи қолганлардан анча яхшилигига шубҳа йўқ. Шунингдек, Тошкентнинг ушбу икки клубининг кам сонли мухлисларини автобуслар орқали Қаршига олиб бориш мумкин. Бизнингча, ҳал қилувчи беллашув “Насаф” стадионида ўтказилишига ҳеч ким қарши эмас!

“Истиқлол” стадиони? Фарғонада ҳам чиройли ўйингоҳ бор. Ҳозир “Нефтчи” ишқибозлари клубнинг натижаларидан норозилар. Уларга бироз тасалли бериш мақсадида ушбу ўйинни Фарғонада ўтказилиши мумкин. Қолаверса, финал номига яраша бўлиши учун водийлик “шинаванда”лардан фойдаланилади. Яъни, “Истиқлол” стадионига финал куни кўп сонли томошабинлар ташриф буюриши аниқ. Шунингдек, Тошкентдан мухлислар учун поезд орқали бориш мумкин. 

2014 йил “Локомотив” ҳамда “Бунёдкор” иштирокидаги кубок финал беллшашуви Тошкент вилоятида ўтказилди. Унга Олмалиқ мезбонлик қилганди. Энди бу мавсум Бекобод варианти ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Бунинг энг асосий сабаби, Тошкентнинг икки клубини узоққа сарсон қилмасликдир. Ҳар ҳолда ПФЛ шундан қарорга келса ажаб эмас.

Мана Ўзбекистон кубоги-2017 финал беллашуви қаерда ўтказилиши борасида эҳтимолий вариантларни тақдим этдик. Энди ҳал қилувчи баҳс қаерда ўтказилиши борасидаги хабарни биз ҳам кутиб қоламиз.      

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!