556

Сир эмаски, шахмат бугунги кунда Ўзбекистонда яхшигина тараққий топган. Ўзбек шахмат мактаби дунёга Рустам Қосимжоновдек жаҳон чемпионини етиштириб берган. Шунингдек, Нодирбек Абдусатторов бугунги кунда жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери бўлиб турибди. Шахматчиларимиз томонидан қўлга киритилаётган муваффақиятлар, албатта, барчамизга фаҳр-ифтиҳор бағишлайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда шахматни ривожлантириш, халқаро гроссмейстерлар сонини янада ошириш учун имконият ҳам салоҳият ҳам етарли. Бунинг учун федерацияга янги қон киритиб, шижоат билан иш олиб бориш талаб этилади. Зеро, қўлга киритилган муваффақиятлар билан чегараланиб қолмасдан, ўзбек шахматини янги босқичга олиб чиқиш лозим.

Ана шу мақсадда бугун, 4 июнь куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон шахмат федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил қилинди. Унда Бутунжаҳон шахмат федерацияси раҳбари Кирсан Илюмжинов, Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов, Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддилари иштирок этишди. Бу ҳақда minsport.uz сайти хабар бермоқда. 

Йиғилишни Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Баҳодир Умрзоқов олиб борди. Конференция кун тартиби Ўзбекистон шахмат федерациясига янги раис сайлаб олиш, шунингдек, шу йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон шахмат федерацияси (FIDE) президентлиги сайлови учун Кирсан Илюмжинов номзодини илгари суришдан иборат эди.

Биринчи масала юзасидан мамлакатимизда спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш мақсадида федерация раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа ва бошқарув Миллий агентлиги директори Дмитрий Романович Ли номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари бир овоздан Дмитрий Ли номзодини қўллаб-қувватладилар. Шу тариқа, Дмитрий Ли Ўзбекистон шахмат федерациясининг янги раиси этиб сайланди.

Билдирилаётган ишонч учун раҳмат айтаман. Ўзбекистонда шахматга оид Президент қарори бор. Ўзбек шахматини қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш учун барча чорани амалга ошираман. Шахмат инсоннинг интелектуал, мантиқий фикрлашини ривожлантиради, – деди Дмитрий Ли.

Шундан сўнг, Бутунжаҳон шахмат федерацияси ва Ўзбекистон шахмат федерацияси низомига биноан, шу йил Батумида бўлиб ўтадиган FIDE президентлик сайлови учун Ўзбекистон шахмат федерацияси номидан 1995 йилдан бери ушбу ташкилотга раҳбарлик қилиб келаётган, етти маротаба FIDE президентлиги лавозимига қайта сайланган Кирсан Илюмжинов номзодини илгари суриш масаласи кўрилди. Конференция қатнашчилари бир овоздан Кирсан Николаевич Илюмжинов номзодини FIDE президентлиги учун номзод сифатида қайд этишди.

Тошкент мен учун қадрли шаҳар. Бу ерга ўз уйимга келгандек келаман. Ўзбекистонга илк маротаба 1978 йилда Спартакиада вақтида келгандим. Бугунги кунда FIDE жаҳоннинг энг йирик спорт ташкилотларидан бири ҳисобланади. Федерацияга 188 мамлакат аъзо. 1995 йилда шахмат спорт тури сифатида тан олинмаганди. 1999 йилга келиб шахмат Халқаро олимпия қўмитаси томонидан спорт тури сифатида расман тан олинган. Айни пайтда жаҳон бўйлаб 600 миллиондан ортиқ инсон шахмат ўйнайди. Мақсадим 2020 йилгача ушбу кўрсаткични бир миллиардга етказиш. Бу ердан Рустам Қосимжонов, Нодирбек Абдусатторов каби гроссмейстерлар етишиб чиққан. Ўзбекистон шахмат федерацияси энг фаол федерациялардан бири ҳисобланади. Дмитрий Ли билан бирга ўзбек шахматидаги камчиликлар бартараф этилишига, спорт тури янги босқичга олиб чиқилишига ишончим комил, – деди Кирсан Илюмжинов.

Бутунжаҳон шахмат федерацияси раҳбари нутқи давомида шахмат ватани Покистон, Ҳиндистон ёки Эрон эмас, балки Ўзбекистон эканлигига алоҳида урғу берди. Бу факт илмий тадқиқотлар, тарихчи олимлар томонидан ўрганиб чиқилган изланишлар натижаси эканлиги, FIDE бу борада Халқаро Олимпия қўмитасига расмий хат тайёрлаётгани ва яқин орада Ўзбекистон шахмат ватани деб расман тан олинишини маълум қилди.

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Таҳририят ҳақида

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ. Бош муҳаррир: Ортиқов Шаҳобиддин.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98

Sports.uz 2018