Ўзбекистон термаси йиғинига таклиф этилган таркибда яна ўзгариш юз берди

 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 учинчи саралаш босқичи иккинчи даврасига тайёргарлик кўриш мақсадида БААнинг Дубай шаҳрига учиб келди.

Аввал хабар берилганидек, БААдаги йиғин 21–24 январь кунлари бўлиб ўтади. Терма жамоа бугуннинг ўзида машғулотларга киришади.

Амирликлардаги йиғинда иштирок этадиган футболчилар таркибида яна бир ўзгариш юз берди. “Локомотив” ҳимоячиси  Бобур Йўлдошев клуб йиғинида жароҳат олганлиги сабабли, унинг ўрнига “Пахтакор” аъзоси Акбар Исматуллаев таклиф этилди. 

Олдинроқ йиғинга таклиф қилинган Темурхўжа Абдуҳолиқов Қатарнинг “Ал-Сайлия” клуби билан, Сервер Жепаров эса Эроннинг “Истиқлол” жамоаси билан шартнома имзолаб, легионер футболчиларга айлангани ва терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян уларнинг ўрнига Достонбек Ҳамдамов (“Бунёдкор”) ва Владимир Козакни (“Пахтакор”) таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси йиғин доирасида 22 январь куни Дания U-23 термасига қарши, 23 январь куни эса Грузия терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинларини ўтказади.

“Насаф” жамоаси ОЧЛ–2017 ўтиш босқичида Баҳрайннинг “Ал-Ҳидд” клубига қарши 31 январь куни баҳс олиб бориши ва унга тайёргарлик кўриши сабабли қаршиликлар таркибидан йиғинга футболчилар жалб этилмади.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига саралаш босчиқи “А” гуруҳи 5-туридан кейин 9 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Эрон 11 очко билан биринчи, Жанубий Корея 10 очко билан иккинчи поғонада бормоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!