“Patriot boxing team" - “Uzbek Tigers” учрашуви якунланди

21 апрель, 22:20 3010

“Patriot boxing team

 

Россиянинг Пермь шаҳрида мезбонлар - “Patriot boxing team" ва Ўзбекистоннинг “Uzbek Tigers” боксчилари ўртасида "С" гуруҳининг сўнгги тур учрашуви бошланмоқда.

SPORTS.uz ахборот портали ушбу учрашув доирасидаги натижаларни онлайн тарзда эътиборингизга ҳавола қилади.

Демак, бошланаётган учрашувда қуйидаги боксчилар ўзаро куч синашади:

52 килограмм

Вячеслав Ташкараков - Аброржон Қодиров

Биринчи бўлиб рингга энг енгил вазнли боксчилар чиқиб келди. Демак дастлабки ғолиб Вячеслав Ташкараков ва Аброржон Қодиров ўртасидаги жангда аниқланади. 

Учрашув бошланди.

Дастлабки раундда рақибига имкониятни бой берган Аброржон Қодиров тактикасини кескин ўзгартирди. Тажрибали рақибига нисбатан тезкор ҳаракат қилган ҳамюртимиз қолган тўртта раунда рақибига аниқ зарбалар ёмғирини ёғдирди. Мухлислар мезбон спортчини қўллаб-қувватлаганига қарамай, Аброр Қодиров жамоамиз учун дастлабки очкони келтирди. 

1:0 ва "Ўзбек йўлбарслари" олдинда!

Энди рингга 60 килограмм  вазн тоифасидаги боксчилар  - Константин Богомазов ва  Улуғбек Дўсмуродов чиқмоқда. 

Бу жангда Константин Богомазовнинг жисмоний кўрсаткичлари ғалабани таъминлади. Улуғбекка нисбатан бўйича анча баланд бўлган мезбонлар вакили бу устунлигидан унумли фойдаланди. Улуғбек беш раунддан иккитасини ўз фойдасига ҳал қилди. Лекин сўнгги раундда рақибининг кучли зарбасидан нокдаунга тушган ҳамюртимиз мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди.

Богомазов умумий ҳисобни тенглаштирди - 1:1. 

Рингга 69 килограмм вазн тоифасидаги боксчилар - Артём Зайцев ҳамда  Одилжон Аслонов таклиф этилди. 

WSB турнирида илк маротаба қатнашаётган Одилжон Аслонов ҳам Улуғбекнинг хатосини такрорлади. Бу боксчимиз кучини тенг тақсимлай олмади. Тўртта раундан иккитасида истунлик қилган Аслонов ҳал қилувчи бешинчи раундда рақибига имкониятни бой бериб қўйди. 

Қолаверса, Артём Зайцев тезкор зарбалари билан очко ишлаётган жараёнда Одилжон бир кучли зарба билан ғалаба қозонмоқчи бўлди. Бу жангда мезбонларнинг тажрибали боксчи танлаган тактика самаралироқ бўлди.

“Patriot boxing team" боксчилари умумий ҳисобда олдинга чиқиб олди - 2:1.

Бугунги учрашувнинг тўртинчи баҳсида 81 килограм вазн тоифасида Павел Силягин ва Мадиёр Саидраҳимов ўзаро рақобатлашади.

Боксчилар рингга чақирилди.

Ёш боксчимиз Мадиёрнинг жанг услуби кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Мадиёр бор эътиборини кучли зарба йўллашга қаратди. Рингда кўп ва тез ҳаракат қилмаган бўлса-да, аниқ ва ўта кучли зарба беришга интилди. Бу тактика дастлабки икки раундда иш бермади. 

Лекин учинчи раундда Мадиёр жаҳон чемпионати совриндори бўлган Павел Силягинни анча қийнади. Бироқ, ёш боксчимизга мезбонлар вакилини тўлиқ устунлик билан енгиш насиб қилмади. Учрашув ғолиби сифатида Павел Силягин эътироф этилди.

Россия жамоаси умумий ҳисобни 3:1 га етказди. 

Энди бор эътибор ўта оғир вазнли боксчилар баҳсига қаратилади. +91 килограмм вазн тоифасида Артём Сусленков ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпиони Мирзобек Ҳасанов билан рақобатлашади. Агар ҳамюртимиз бу учрашувни ўз фойдасига ҳал қилса, умумий ҳисобни қисқартиради ва 2:3 ҳисобидаги мағлубият ҳам "Uzbek Tigers" жамоаси ғазнасига бир очко қўшади. Бу очко гуруҳ баҳсларини иккинчи ўринда якунлашда ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин.  

Кутилганидек Мирзобек Ҳасанов беш раундлик жанг давомида рақибидан устунлигини намойиш қилди. Ўзбекистонлик боксчи жанг давомида кўплаб аниқ зарбалар беришга эришди. 

Мирзобекнинг рингдаги устунлиги зарбалар-ғисоб китоби билан шуғулланган ҳакамлар қайдномаларила ҳам ўз аксини топди.

“Patriot boxing team" - “Uzbek Tigers” учрашуви 3:2 ҳисобида якунланди. "Ўзбек йўлбарс"лари  Россиядан қимматли бир очко билан қайтадиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ҳар икки жамоа ҳам мусобақанинг плей-офф босқичига муддатидан олдин йўлланмани нақд қилган. Пермдаги учрашувда томонлар асосан ёш боксчиларнинг имкониятларини синовдан ўтказди. 

SPORTS.uz