"Пахтакор" машғулотларда "Челси", "Ливерпуль" ва "Бавария" қўллаётган технологиядан фойдаланади (Фото)

Футболчиларнинг янада қулай шароитда машқ қилиши учун клуб томонидан замонавий технология харид қилинди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда. 

"Пахтакор" футбол клуби "Catapult" фирмасининг янги техникасидан ўйинчиларнинг машғулот ва учрашув пайтидаги умумий жисмоний ҳолатини аниқ кузатиш мақсадида фойдаланишни бошлади. У футболчининг соғлиғидаги муаммоларни ўз вақтида билиб, шунга яраша чора кўришга ёрдам беради.

Австралия компанияси илк бор ўзбек бозорига кириб келди. "Пахтакор" айни пайтда Ўзбекистон жамоалари орасида биринчи бўлиб ушбу қурилмани харид қилди.

Бугунги кунда "Catapult"да дунёнинг 16 мамлакатида 300дан ортиқ ходим фаолият юритади. Компания техникасидан 35 спорт турида 1520дан ортиқ жамоалар фойдаланади. Футболда Бразилия терма жамоаси, "Севилья", "Челси", "Селтик", "Ливерпуль", "Лестер", "Милан", "Бавария" ва "Фенербахче" каби машҳур жамоалар "Catapult" технологиялари ёрдамида футболчилар ҳолатини назорат қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!