Профессионал бокс осмонида ўзбекистонлик янги юлдуз порлайди

  • 22 апрель, 2017, 13:09
  • 0
  • Бокс
 

Рио-де-Жанейрода ўтган Олимпия ўйинлари чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров бугун АҚШнинг Калифорния штати Карсон шаҳрида ташкил этиладиган профессионал бокс кечасида илк учрашувини ўтказади.

Бекободлик боксчи профрингдаги биринчи дастлабки жангида америкалик Виктор Васкес билан равобатлашади. Америкалик чарм қўлқоп устаси профессионал боксчилик фаолиятини уч йил муқаддам бошлаган ва жами тўққизта жангдан еттитасида зафар қучган. Учта жангни муддатидан олдин якунлаган.

Фазлиддин Ғоибназаров эса ҳаваскорлар ўртасида ўз вазн тоифасида дуёнинг энг кучли боксчиларидан ҳисобланади. Ҳамюртимиз учун 2015-2016 йилги мавсум айниқса омадли бўлди.

2015 йилги мавсумда жаҳон ва Осиё чемпионатларида кумуш медалга сазовор бўлган Фазлиддин Ғоибназаров Рио Олимпиадаси қаҳрамонларидан бирига айланди. Ўтган йили Бразилияда ўтказилган Олимпия ўйинларида боксчимиз барча рақибларини енгиб, Олимпия ўйинлари ғолиби бўлди.

Ҳаваскор боксчи сифатида барча нуфузли мусобақалар шоҳсупасига кўтарилган Фазлиддин бугун профессионал рингдаги фаолиятини бошлайди. Дастлабки учрашув саккиз раунддан иборат рейтинг жанги бўлади.

SPORTS.uz ахборот портали Фазлиддин Ғоибназаровга профессионал боксда ҳам улкан ғалабалар тилайди!

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!