Қашқадарёда кўришгунча хайр, "Баркамол авлод"!(Фоторепортаж)

28 май, 12:40 1152

Қашқадарёда кўришгунча хайр,

25-27 май кунлари Жиззах шаҳридаги «Сўғдиёна» универсал спорт мажмуаси стадиони узра академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг «Баркамол авлод – 2017» спорт ўйинлари машъаласи порлаб турди.
Мусобақада энг кўп медаль жамғариб, биринчи ўринни эгаллаган Тошкент шаҳри жамоаси бош мукофот – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Баркамол авлод – 2017» спорт ўйинлари қатнашчиларига табригининг асл нусхаси ва Президент совғаси – "Damas" автомобили билан тақдирланди.

Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган Андижон вилояти ва учинчи поғонадан жой олган Самарқанд вилояти жамоаларига Президент совғаси – "Damas" автомобиллари топширилди.

Муросасиз курашларда алоҳида маҳорат кўрсатган, тенгқурлари орасида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ўқувчи-спортчилар махсус совринларга сазовор бўлди.

– Спорт ва дўстлик байрами – «Баркамол авлод –2017» беллашувлари рекордлар ва унутилмас воқеаларга бой бўлди, – дейди оғир атлетика бўйича олтин медаль соҳиби қорақалпоғистонлик Ғайрат Айтмуротов. – Ушбу мусобақалар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида спорт изчил ривожланиб бораётганини яна бир бор кўрсатди.

Спортнинг 17 тури – баскетбол, волейбол, футбол, қўл тўпи, шахмат, оғир атлетика, бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, юнон-рум кураши, сузиш, енгил атлетика, теннис, стол тенниси, бадминтон ва бадиий гимнастика бўйича беллашувларда лицей ва коллежнинг 898 ўқувчиси иштирок этди. Спортчилар 193 олтин, 193 кумуш ва 214 бронза медали учун баҳс олиб борди

Мусобақаларнинг ёпилиш маросимида «Баркамол авлод – 2017» спорт ўйинларининг байроғи туширилди. Уни жиззахлик спортчилар академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг навбатдаги финал мусобақасига мезбонлик қиладиган Қашқадарё вилояти вакилларига топширди.

Уч кун давомида порлаб турган “Баркамол авлод –2017” машъаласи аста сўндирилади.

«Баркамол авлод – 2017» ўйинларининг ёпилиш маросими спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва санъаткорларнинг катта концерти билан якунланди.

“Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақаларининг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов иштирок этди.

Манба:uza.uz