Қўқонда футбол бўйича қизлар жамоаси тузилмоқда. Бош мураббий ҳам тайёр

 

Ўзбекистон футбол Федерацияси келгуси мавсумда Олий лига жамоалари олдига жиддий талабларни қўймоқда. Унга кўра, ҳар бир жамоа қошида қизлар футбол жамоасининг бўлиши шартлиги кўрсатилган.

“Қўқон-1912” футбол клуби ушбу талабларни бажариш борасида саъй-ҳаракатларни бошлаб юборган. Талабларни бажариш муносабати билан “Қўқон-1912”  жамоасининг келгуси мавсумда футзал ва қизлар футболи жамоалари бўлади.

Куни кеча Қўқон Давлат Педагогика институтининг жисмоний тарбия факультетида тахсил олаёган қизлар билан “Қўқон-1912”  жамоаси рахбарияти учрашув ўтказди.

Бу учрашувдан кўзда тутилган мақсад, талаба қизлар орасида футболга иқтидори бор қизларни жамоа машғулотларига жалб қилиш бўлди. Учрашувда  “Қўқон-1912”  футбол клуби бош директори Бахтиёржон Толипов спортчи қизларни жамоанинг мақсад ва вазифалари хамда  қизлар жамоасига яратиладиган шароитлар билан таништирди. 

Ўз навбатида талабалар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлар билан тадбирда фаол иштирок этишди. Кўплаб футболсевар қизлар ўзларини жамоада синаб кўриш истагини билдиришди.

“Қўқон-1912”нинг  қизлар  жамоасига Мирсаид Миролимов бош мураббий этиб тайинланди. Мураббий бўлиб ўтадиган машғулотлар давомида иқтидорли қизларни жамоага танлаб олади.

Шу билан биргаликда жамоага олий лига жамоаларида тўп сурган иқтидорли футболчи қизлар ҳам жалб қилинади. Мақсад тажрибали футболчилар билан биргаликда маҳаллий  ёш иқтидорларни хам жамоага жалб қилиб бориш.

Шунингдек, Қўқон педагогика коллежидан ҳам бир нечта қизлар машғулотларга жалб қилинган. Машғулотлар Қўқон Давлат Педагогика Институтига қарашли майдонда бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!