“Реал” сафида энг кўп соврин ютган футболчилар

24 декабрь, 12:23 965

“Реал” сафида энг кўп соврин ютган футболчилар

Мадриднинг “Реал” клуби IFFHS томонидан ХХ асрнинг энг яхши клуби деб тан олинган. Қолаверса, юртимизда ушбу жамоага мухлислик қилувчи инсонлар жуда ҳам кўп, бироқ мана шундай суперклуб сафида энг кўп совринларни қўлга киритган футболчиларни ҳамма ҳам билавермаса керак. Шундай экан, бугун биз улар билан таништирамиз.

Эмильо Бутрагеньо – 15

Эмильо Бутрагеньо “Реал” сафида 1982-1995 йилларда ҳаракат қилган бўлиб, жамоа сафида 341 ўйинда майдонга тушган ва 124 гол киритган. Бугунги кунда Флорентино Переснинг “ўнг қўли” бўлиб ишлаётган Бутрагеньо “қироллик клуби” сафида 15 та соврин ютишнинг уддасидан чиққан. Жумладан, 6 бор Ла Лига, икки бор Қирол кубоги, бир бора Ла Лига кубоги, 4 бор Испания суперкубоги ва ниҳоят, икки бор УEФА кубогида ғолиб чиққан. Афсуски, унинг совринлари орасида ЕЧЛ кубоги мавжуд эмас.

Альфедо ди Стефано – 15

Ди Стефано ҳақида ортиқча таъриф шарт бўлмаса керак. Икки карра “Олтин тўп” эгаси саналадиган Альфредо 5 карра Испания чемпионати тўпурари бўлган ва Мадридда 11 йил тўп сурган ҳолда 396 ўйинда 307 та тўп киритишнинг уддасидан чиққан. Клуб тарихидаги тўпурарлар орасида учинчи ўринда зикр этиладиган Альфредо “Реал” билан Испания чемпионатида 8 бор, ЕЧКда 5 бор ғолиб чиққан. Бундан ташқари Испания кубоги ҳамда Қитъалараро кубок мусобақаларида бир мартадан ғолибликни қўлга киритган.

Фернандо Йерро – 16

Испания терма жамоасида энг кўп ўйинда майдонга тушган футболчилардан бири бўлган Йерро “Сантьяго Бернабеу”да оз эмас, кўп эмас 14 йил фаолият юритди. Йерро “Реал” билан 5 бор Испания чемпионати, 3 бор ЕЧЛ, икки бора Қитъалараро кубок, 4 бор эса Испания суперкубоги ва бир мартадан УEФА суперкубоги ва Испания кубогида ғолибликни қўлга киритган.

Рауль – 16

“Реал”нинг яқин ўтмишдаги афсонаси жамоада ўтказган 14 йилда 16 та соврин ютишга эришган. Клуб тарихида энг кўп гол киритган футболчилар орасида иккинчи ўринда зикр этиладиган “Эль Капитано” клуб билан Ла Лигада 6 бор, Испания суперкубоги 4 бор, ЕЧЛ 3 бор, Қитъалараро кубок икки ва ниҳоят УEФА суперкубогида бир бор ғолиб бўлган.

Хосе Антонио Камачо – 18

Бутун футболчилик фаолиятини “Реал”га бағишлаган Хосе Антонио Камачо клуб сафида 414 та ўйин ўтказган бўлиб, 9 бор рақиб дарвозасини ишғол этган. “Бланкослар” сафидаги 13 йилда эса Хитой термасининг собиқ мураббийи 18 та совринни боши узра баланд кўтаришга эришган.

Чендо (Мигель) – 18

Камачо сингари фақат “Реал”да тўп сурган футболчилардан бири айнан Чендодир. “Қаймоқаранглилар” сафидаги 16 йилда 18 та соврин юришга эришган “Чендо” 500 дан ортиқ ўйин ўтказган бўлиб, 7 бор Ла Лига, икки бор Қирол кубоги, 5 бор Испания кубоги, бир бора Ла Лига кубоги ва шунча марта ЕЧЛ, бундан ташқари эса икки бора УEФА кубогида муваффақият қозонган.

Икер Касильяс – 18

Замонамизнинг энг моҳир дарвозабонларидан бири бўлган Икер Касильяс “Бернабеу”даги 17 йилда 18 та совринни қўлга киритишга эришган. Улар орасида 5 та Ла Лига, иккита Испания кубоги, 4 та Испания суперкубоги, 3 та ЕЧЛ, иккита УEФА суперкубоги ва бир мартдан Қитъалараро кубок ҳамда Клублар ўртасидаги ЖЧ ғолибликлари мавжуд.

Франциско (Пако) Хенто – 21

“Реал” билан энг кўп совринларга эришган икки футболчидан бири Хентодир. Болалигида Мадриднинг бошқа жамоаси - “Атлетико”га муҳлислик қилган Хенто “Реал”даги 18 йилда 21 та совринни ютишга эришган. Жумладан, 12 бор Испания чемпиони, икки бор Испания кубоги, 6 бор ЕЧК ва бир бора Қитъалараро кубокда ғолиб бўлган Хенто ЕЧК (ЕЧЛ) кубогини 6 марта боши узра баланд кўтаришга эришган ягона футболчи эканлигини қайд этиш жоиз.

Мануэль Санчес – 21

Хенто сингари 18 йил “Реал” таркибида тўп сурган яна бир футболчи бу Мануэль Санчесдир. Клуб сафида 500 дан зиёд ўйин ўтказган собиқ футболчи “Бланкослар” сафида Ла Лига (8 марта), Қирол кубоги (2), Ла Лига кубоги (1), Испания суперкубоги (5), ЕЧЛ (2), УEФА кубоги (2) ва  Қитъалараро кубок мусобақларида ғолиб чиқишга эришган.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади