Самвел Бабаян: ЖЧга қандай чиқишимизнинг фарқи йўқ

28 март, 20:35 2328

Самвел Бабаян: ЖЧга қандай чиқишимизнинг фарқи йўқ

 

Бир неча дақиқа олдин ЖЧ-2018 3-саралаш босқичи 7-туридан ўрин олган Ўзбекистон – Қатар учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур беллашувдан сўнг ҳар икки терма жамоа бош мураббийлари ўртасида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси устози Самвел Бабаян ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Биз бугун ғалаба қозонишимиз шарт эди. Шукр, бизни анчагина мухлислар қўллаб-қувватлаб боришди ва натижада жуда зарур бўлган 3 очкога эга бўлдик. Барча-барчани ушбу ғалаба билан табриклайман ва олдиндаги олий мақсадимиз йўлида меҳнат қилишда давом этамиз. 

Афсуски, баъзи ўйинчиларимиз сафга соғлом ҳолда етиб келишмади. Уларнинг кўпчилигида кичик бўлса-да, жароҳат бор эди. Қолаверса, жамоалар футболчиларини терма жамоамизга беришда норозиликлар билдиришмоқда. Бу ҳолни Хитой жамоаларида ва хатто ўзимизнинг жамоаларда ҳам кузатдик. 

Бугунги кунда биз учун энг асосийси қандай қилиб бўлмасин ғалабага эришишдир. Шу сабабли асосий эътиборимизни қандай ўйин намойиш қилиб бўлмасин, ҳар ўйинда 3 очкога эга чиқишга қаратяпмиз. 

Ҳозирги пайтда биз жуда масъулиятли даврда турибмиз. Шу сабабли олдиндаги ўйинларда ҳам таркибда жуда катта ўзгаришлар қилишни режалаштирмаяпмиз. Тўғри, юртимизда истеъдодли футболчилар жуда кўп. Лекин ҳозир уларни шунчаки кўрикдан ўтказиш учун таваккал қила олмаймиз. Бизда ҳозирча жамоамизнинг асосини ташкил этадиган футболчилар бор ва уларнинг шу қолган учрашувлар давомида жароҳат олмасликларига умид қиламиз, - дейди Бабаян.