Самвел Бабаян: Йиғинда Денисов, Кримец ва Исмоилов йўқлиги сезилди

 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичи иккинчи даврасига тайёргарлик кўриш мақсадида БААнинг Дубай шаҳрида 21–24 январь кунлари ўқув-машғулотлар йиғинини ўтказди.

Йиғин доирасида Самвел Бабаян шогирдлари иккита ўртоқлик ўйинини ўтказди. Ёшартирилган таркибда ҳаракат қилган Ўзбекистон терма жамоаси Дания U-23 термасига қарши баҳс олиб бориб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.  Иккинчи ўйинда эса терма жамоа Грузия билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян БААдаги йиғиндан кўзланган мақсад, ўтказлиган ўйинлар ва бўлажак режалар борасида ўз фикрларини билдириб ўтди, деб хабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати. 

“ЖЧ–2018 саралаш босқичи 2-даврасидан ўрин олган Сурияга қарши ўйин олдидан БААда ўтказилган ўқув-машғулотлар йиғинидан кўнглим тўлди. Йиғин доирасида ўтказилган ҳар икки ўйинда ўзимиз учун керакли хулосалар чиқариб олдик. Дания U-23 термасига қарши ўйинда тажрибавий таркибни майдонга туширдик. Грузия билан баҳсда эса йиғинга чақирилган асосий футболчилар ҳаракат қилди.  Йиғин қисқа муддатли ва ФИФА кунларига тўғри келмаганлиги боис легионер футболчиларни таклиф қила олмадик ва терма жамоа асосини “Локомотив”, “Пахтакор”, “Бунёдкор” ва “Бухоро” футболчилари ташкил этди. “Насаф” ОЧЛ–2017 ўтиш босқичига тайёргарлик кўраётгани учун клуб футболчилари йиғинга таклиф этилмади.

Барча футболчилар майдонда бор кучини бериб, терма жамоанинг моделига асосан ҳаракат қилди. Миллий терманинг асосий таркибида тушадиган футболчилар ўйинидан қониқиш ҳосил қилдим. Ўтказилган ҳар икки ўртоқлик ўйинида Виталий Денисов, Анзур Исмоилов ва Егор Кримецнинг йўқлиги билинди ва бунинг натижасида жами 4 та гол ўтказиб юбордик. Шулардан иккитасини стандарт вазиятдан урилди. Хатолар устида ишлаб, уларни таҳлил қилишимиз ва кейинги ўйинларга қадар бу муаммоларни бартараф қилишимиз лозим.

Йиғинда асосий эътибор Грузияга қарши ўйинга қаратилган эди. Ҳимояда йўл қўйилган хатоларга қарамай, ўйин давомида устунлик биз томонда бўлди. Ҳужум чизиғида ҳам муаммолар юзага келди. Яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмади ва бунинг устида ҳам ишлашимиз керак. Ўйиндаги устунликни урилган голлар билан намойиш қилишимиз лозим эди. Аммо ўз дарвозамиздан кетма-кет иккита гол ўтказиб, қийин аҳволга тушиб қолдик. Лекин футболчилар ўзига бўлган ишончни йўқотмади ва тўп назоратини ўз қўлига олиб, ҳисобни тенглаштирди. Умуман олганда, ўйиндан кўнглим тўлди”, – деди Бабаян.

Самвел Бабаян, шунингдек, терма жамоанинг бўлажак режалари ҳақида сўзлаб берди.

“Шу йилнинг 9–12 февраль кунлари Туркияда йиғин ўтказиш режалаштирилган. “Локомотив” ва “Пахтакор” навбатдаги ўқув-машғулотлар йиғинини Туркияда ўтказиши ва терма жамоа асосини айнан мана шу клуб футболчилари ташкил этишини инобатга олиб, мамлакат термасининг йиғини ҳам ўша ерда бўлиб ўтади. “Насаф” 31 январь куни ўтиш босқичида иштирок этиб, плей-офф босқичига йўл олса, 7 февраль куни сафарда ўйин ўтказади. “Бунёдкор” ҳам 7 февраль куни Қатарнинг “Ал-Жаиш” клуби билан гуруҳ босқичи йўлланмаси учун курашади. Шундан сўнг ушбу клубларнинг бир неча вакиллари ҳам терма жамоа йиғинига қўшилади. Туркиядаги йиғинда иккита назорат ўйини ўтказишни режалаштирганмиз. 12 февраль куни Россия Премьер-лигаси клубларидан бирига қарши ўйин бўлади. Яна бир назорат ўйини борасида ташкилотчилар музокаралар олиб бормоқда. Шу ўринда, терма жамоа йиғинларини ташкил қилишда яқиндан ёрдам берган ЎФФ раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман”, – деди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ–2018 саралаш босқичи “А” гуруҳи 5-туридан кейин Ўзбекистон терма жамоаси 9 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Эрон 11 очко билан биринчи, Жанубий Корея эса 10 очко билан иккинчи поғонада бормоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!