Санжар Турсунов "Ворскла"да мавсумни қандай ўтказди?

Шу йил ёзда ҳамюртимиз Санжар Турсунов Қатарнинг "Ум Салал" клубидан Украинанинг "Ворскла" жамоасига қайтишга қарор қилган эди. Хўш, ярим ҳимоячи ушбу жамоада мавсумнинг биринчи қисмини қандай ўтказди? Бу саволга қуйида жавоб топишингиз мумкин.

Турсунов мавсуммнинг биринчи қисмида 12 та учрашувда майдонга тушди. У ана шу ўйинларнинг 9 тасида асосий таркибда ва 3 тасида захирадан майдонга тушган. Шунингдек мураббийлар Санжарни 3 ўйинда захирага олишган. Унинг майдонда ҳаракат қилган умумий дақиқалари сони 891 тани ташкил этди.

Санжар ўз ҳисобига 3 та гол ёздириб қўйди.

Футболчи илк голини 7-турда "Волин"га қарши ўйиннинг 74 дақиқасида киритди. Айнан Санжарнинг голи "Ворскла"га 3 очкони туҳфа этган эди.

Турсунов 15-турда "Днепр" билан учрашувнинг 26 дақиқасида ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Бироқ шу куни унинг жамоаси мағлубиятга учради.

17-турда Санжар яна катта саҳнага чиқди. Полтаваликлар ўз майдонларида Киевнинг "Динамо"сига қарши беллашувнинг 14 дақиқасига келибоқ 0:2 ҳисобида ортда боришаётганди. 15 дақиқада ҳамюртимиз ҳисобни қисқартирган, кейинчалик мезбонлар мувозанатни тиклашга ҳам муваффақ бўлишганди. Ярим ҳимоячи чемпионатда бирорта ҳам карточка олмади. Кубок ўйинларида эса у 2 учрашувда майдонга тушиб, биттадан сариқ ва қизил карточкалар билан "сийланди".

Санжар Турсунов 2013 йилдан буён "Ворскла" таркибида Украина чемпионатида 64 учрашувда 11 та гол урган бўлса, кубок баҳсларида 9 учрашувда битта тўп киритган. Шунингдек у еврокубокларда икки беллашувда ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйган.

Ҳамюртимиз умумий ҳисобда ушбу жамоа либосида 75 ўйин ўтказиб, 12 марта ўз номини таблога ёздириб қўйишга муваффақ бўлган.

Фурқат Юсупов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!