Шахмат бўйича Осиё чемпионатининг очилиш маросимидан фоторепортаж

1 апрель, 15:35 208

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, мамлакатимиз шахмат федерацияси ва Осиё шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли мусобақада қитъамизнинг йигирмага яқин давлатидан тўрт юзга яқин шахматчи ғолиблик учун баҳслашмоқда.

Мусобақанинг очилишида мамлакатимизда навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли этиб вояга етказиш, спортнинг барча турлари қатори шахматни изчил ривожлантиришга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик самарасида ўзбек шахмат мактаби вакиллари нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришаётгани таъкидланди.

– Ўзбекистонда спорт ривожига катта эътибор қаратилаётганини дунё спорт жамоатчилиги кенг эътироф этмоқда, – дейди мусобақа бош ҳаками M.Гопакумар (Ҳиндистон). – Бу мамлакатингиз ёш спортчиларининг халқаро майдонлардаги юксак ғалабаларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кишидан юксак интеллектуал салоҳият талаб қиладиган мазкур спорт тури бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатлари, катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатлари, халқаро турнирларда ғолиб ва совриндор бўлаётган иқтидорли шахматчиларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Айниқса, Нафиса Мўминова, Ҳулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар, Нодирбек Абдусатторов ва Баҳора Абдусатторова, Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар, Нодирбек Ёқуббоев ва Нилуфар Ёқуббоева сингари бир оиладан бир нечта иқтидорли шахматчиларнинг етишиб чиқаётгани қувонарлидир.

2016 йилги спорт мавсуми шахматчиларимиз учун муваффақиятларга бой бўлди. Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида ташкил этилган жамоавий Осиё чемпионати – Осиё миллатлари кубогида Ўзбекистон хотин-қизлар терма жамоаси стандарт ва рапид шахмат бўйича кумуш медалга сазовор бўлди. Ёш шахматчиларимиз Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз кўплаб йирик шахмат мусобақаларини юксак савияда ўтказиш бўйича катта тажриба тўплади. Жаҳон чемпионлари Рустам Қосимжонов ва Вишванатан Ананд (Ҳиндистон) ўртасидаги ўртоқлик учрашуви, Гран-при мусобақалари, катталар ўртасидаги Осиё чемпионати, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган жаҳон шахмат юлдузлари ўртасидаги халқаро турнир, биринчи ўзбек гроссмейстери Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган “Тошкент опен” анъанавий халқаро турнири каби мусобақалар шулар жумласидандир.

Осиё чемпионатида Ватанимиз шарафини Алихон Авазхонов, Хумоюн Бегмуродов, Исломбек Синдоров, Давлат Маҳмуджонов, Оқжўл Раҳматуллаев, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Яқуббоев, Абдималик Абдисалимов, Саидакбар Сайдалиев, Ортиқ Ниғматов, Афрўза Ҳамдамова, Одина Олимова, Зилола Актамова, Умида Омонова, Мафтуна Бобомуродова, Юлия Хегай, Дилбар Ҳамроева, Асал Салимова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Баҳора Абдусатторова, Нилуфар Ёқуббоева каби иқтидорли шахматчиларимиз ҳимоя қилмоқда.

Манба: uza.uz