1991

Ўзбекистон бокс федерацияси вице-президенти Шерзод Ташматов нафақат ўз мамлакатида, балки қитъа ва жаҳон миқёсида бокс спорт турини ривожланиши ва оммалашишида муҳим ролга эга бўлган шахслардан бири ҳисобланади. Шерзод Ташматов шунингдек, АИБА ижроия қўмитаси аъзоси ва Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти сифатида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон 1991 йилда Совет Иттифоқидан ажралиб чиққач, жаҳонда бокс бўйича энг яхши мамлакатлар сафига қўшилди. Ўзбек ўғлонларининг Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларида қўлга киритган зафарлари Ўзбекистон терма жамоаси учун рейтингда 1-ўринни олиб берди.

Келинг бокс мамлакатига аллақачон айланиб улгурган Ўзбекистонда ушбу спорт турига бўлган эътибор ва қўлга киритлган зафарлар ҳақида Шерзод Ташматовнинг ўзидан билиб олсак.

- Бир неча ўн йиллардан буён мамлакатимизда боксни ривожлантиришга қаратилган устувор режалар амалга тадбиқ этилмоқда. Шу вақт мобайнида Ўзбек бокс мактабларида камол топган етакчи боксчиларимиз Олимпия ва Осиё ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпионатларида кўплаб нуфузли совринларни қўлга киритди. Бугунги кунда ушбу спорт тури нафақат мухлисларни, балки бутун Ўзбекистон халқининг севимли спорт турига айланиб улгурган.

Ўзбекистон бокс федерацияси 1994 йилда ташкил топганидан буён Ўзбекистонда бокс спорт турини янада ривожлантириш учун барча ишларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда бевосита марказ билан ишлаш амалиётини йўлга қўйган Федерациянинг таркибида 14 минтақавий ваколатхона ва 60 дан ортиқ спорт клублари фаолият кўрсатмоқда.

Федерация ҳар йили боксчиларнинг барча тоифалари: элита, ёшлар, ўсмирлар ва мактаб ўқувчилари ўртасида мамлакат чемпионатларини мунтазам равишда ўтказиб келмоқда. Мураббийлик инфратузилмаси тузиб чиқилиб, бокс спорт турининг моддий-техника базаси янада тараққий топди. Мунтазам равишда мамлакатнинг барча ҳудудларида турли ёш тоифалардаги мусобақалар ўтказилиб келинмоқда.

Сўнгги икки йил давомида Федерация аёллар боксини фаол тарзда ривожлантирмоқда: жамоа шакллантирилди, мамлакат чемпионатлари ўтказилди, аёллар жамоасини молиялаштириш ва моддий-техника таъминоти кўзда тутилмоқда. Ҳар йили бир нечта халқаро бокс турнирлари - бокс асосчиси Сидней Жексон хотирасига бағишланган халқаро турнир ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бокс мусобақалари ташкил этилмоқда.

Ҳозирда бокс инфратузилмасини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда - сўнгги йилларда мамлакатда замонавий ринглар билан жиҳозланган кўплаб махсус бокс заллари пайдо бўлди. Боксчиларни зарур ускуналари ва жиҳозлари таъминлаш ишлари жадал равишда амалга оширилмоқда. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш зарур, Федерация ҳакамлар, мураббийлар ва спорт мутахассислари учун махсус тренинглар ўтказиб келмоқда.

Федерация боксчиларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга, спортчиларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини янада оширишга, замонавий тиббий ва фармакологик кўмакка, боксчиларни мунтазам равишда тиббий ва рухий текширувлардан ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Буларнинг барчаси бизнинг мамлакатда тобора ўсиб бораётган бокснинг оммалашувига ижобий таъсир кўрсатди. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда бокс спорт турини янада тараққий этиш йўлида 20 мингдан ортиқ одамлар фаол тарзда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

2015 йили Доҳада бўлиб ўтган АИБА жаҳон чемпионатида 56 килограммгача бўлган вазн тоифасида Муроджон Аҳмадалиев, Фазлиддин Гаибназаров (64 кг)ва Бектемир Мелиқўзиев (75 кг) кумуш медальга сазовор бўлди ва совриндорлар қаторидан жой эгаллашди. Шунингдек, ушбу мусобақада Элнур Абдураимов (64 кг), Элшод Расулов (81 кг) Баҳодир Жалолов (91 кг) бронза медальларни қўлга киритди. Бу медальлар уларга Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш йўлланмасини тақдим этди.

Боксчиларимизнинг 2016 йили Риода бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ўйинларидаги зафарли одимлари Ўзбекистон тарихида зарҳал ҳарфлар ила ёзиб қўйилди. Дастлаб, Ҳасанбой Дўсматов (49 кг), сўнгра, Шаҳобиддин Зоиров (52 кг) Фазлиддин Ғоибназаров (64 кг) ўз вазн тоифаларида тенгсиз деб топилди ва олимпия чемпионлигини қўлга киритишди. Бундан ташқари, барча бокс ихлосмандларининг ёқимтойига айланиб улгурган Шахрам Гиясов (69 кг) ва Бектемир Мелиқўзиев (69 кг) олимпия ўйинларининг кумуш медаль совриндори, Муроджон Аҳмадалиев (56 кг) ҳамда Рустам Тўлаганов (91 кг) бронза медальи соҳиби айланишди.

2017 йилда Германиянинг Гамбург шаҳрида бокс бўйича АИБА жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси битта олтин, учта кумуш ва иккита бронза медальларни қўлга киритди. Ушбу медальлар шодаси якуний медальлар рейтингда мамлакатимизга иккинчи ўринни олиб берди. Шаҳрам Ғиясов (69 кг) Германиядан жаҳон чемпиони бўлиб қайтиб келди. Ҳасанбой Дусматов (49 кг), Жасурбек Латипов (52 кг) ва Икболжон Холдоров (64 кг) кумуш медальга сазовор бўлишди. Бектемир Мелиқўзиев (81 кг) ҳамда Санжар Турсунов (+91 кг) бронза медальлар билан тақдирланди.

Бокс Федерациясининг келажак учун қандай истиқболли стратегик режалартузиб чиқмоқда?

- Ўзбекистон Бокс Федерациясининг раҳбарияти боксчиларимизнинг дунё рейтингидаги етакчилигини сақлаб қолиш мақсадида аниқ стратегик режаларни ишлаб чиқиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда. Бу жараёнда миллий терма жамоамизга ёш ва иқтидорли боксчиларни жалб этиш, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида юксак салоҳиятга эга боксчиларни кашф этиш, уларнинг халқаро миқёсда тажриба ва маҳоратларини ошириш кун тартибидаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу йўлда талабаларнинг муваффақиятга етаклай оладиган ва уларнинг тўғри таълим олишига ўзининг беминнат хизматини қўша оладиган жонкуяр мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.

Ўзбекистон бокс федерацияси кўмагида турли ёшдаги боксчилар ўртасидаги бокс мусобақаларини ташкил этиш орқали улар орасидаги иқтидорли жангчиларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли хил ёш тоифасидаги боксчиларимиз учун етарлича тажрибага эга бўлишлари учун бир қатор халқаро мусобақаларда иштирок этиш имкониятлари яратилмоқда. Ўз ўрнида ушбу сайи ҳаракатлар миллий терма жамоамиз таркибини янада бойитиш муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда ўзбек бокс мактаби ва Ўзбекистон бокс федерацияси ҳар бир жабҳада мувоффақиятли одимламоқда. Кейинги йилларда Бокс Федерациясиниислоҳ этиш йўлида тажрибали мутахассислар, мураббийлар ва ходимлар иш олиб боришмоқда. Истеъдодли боксчиларни танлашга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, селекция ишларида мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидаги боксчилар ҳам назардан четда қолмайди.

Ўзбекистон бокс федерацияси турли хил чемпионатларни ташкил этиш учун етарли шарт-шароитларни яратиб келмоқда. Сўнгги йилларда жангларида адолатли ҳакамликни йўлга қўйиш учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир жанг давомида ринг атрофига тўртта видео камера ўрнатилган бўлиб, у тажрибали экспертларнинг махсус комиссияси томонидан таҳлил қилинади. Қолаверса, жанглар тоғридан-тўғри равишда бокс залларидан туриб жонли эфирда намойиш этиш йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, ишонч телефонлари ташкил этиш тажрибаси ҳам олиб борилмоқда. Ҳакамлар томонидан адолатсиз қарорлар чиқарилган ҳолларда, сиз маълум бир телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз ва ҳакамлар устидан ўз эътирозларингизни билдиришингиз мумкин. Сўровингизни махсус комиссия томонидан маълум бир белгиланган вақт давомида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон бокс федерацияси ҳар бир вилоятдан боксчиларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу рақобатни кучайтиради ва янги номларнинг пайдо бўлиши учун замин яратади. Қисқача қилиб айтганда, бугунги кунда терма жамоа учун боксчиларни танлашнинг очиқ тизими яратилади.

Ўзбекистон бокс федерациясининг стратегик режалари орасида халқаро мусобақаларни ўтказиш вазифалари ҳам мавжуд. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда олий даражадаги WСБ турнирларининг босқичма-босқич учрашувлари, Осиё чемпионати ва бошқа халқаро мусобақалар ўтказилди.

Яқин келажакда турли ёш тоифалардаги жаҳон чемпионатлари ва қитъа чемпионатларини мамлакатимизда ўтказиш режалаштирилган. Бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд. Энг муҳим вазифалардан бири элита боксчилар ўртасидаги бокс бўйича жаҳон чемпионати мезбонлигини қўлга киритиш.

Ўзбек боксининг кучли томонлари нимада деб ўйлайсиз? Шунингдек, ушбу спорт турини мамлакат миқёсида ривожлантириш учун қандай тўсиқлар ёки муаммолар бор?

- Ўзбек боксчиларининг муваффақиятини таъминлайдиган бир қанча омиллар мавжуд. Ўз навбатида, Ўзбекистонда истеъдодли ёшларнинг жуда ҳам кўплигини таъкидлаш лозим. Айни пайтда бокс мамлакатдаги энг оммабоп спорт турларидан бири ҳисобланади ва бу спорт билан шуғулланаётганлар сони йил сайин ошиб бормоқда. Қисқача қилиб айтганда, мамлакат асосий базасига эга ва улар иқтидорли боксчиларни тарбиялаш қобилиятига эгадир.

Мамлакатимизда олий тоифадаги боксчиларни муносиб тарзда тайёрлаш учун алоҳида механизм ишлаб чиқилган. Юртимизда турли хил бокс мактаблари ва тўгараклари мавжуд. Бундан ташқари, ўзбекистонлик тажрибали мураббийлар улкан салоҳиятига эга. Таъкидлаш жоизки, бизнинг мураббийларимиз тарбиялаган боксчилар дунё ареналарида нималарга қодир эканликларини исботлаб келмоқда.

Бизнинг боксчиларимиз юқори техника, кучли ҳимояланиш ва тезкор зарба бериш орқали мукаммал жанглер ўтказмоқдалар. Шунингдек, машғулот жараёнларида уларнинг жисмоний имкониятларини янада кучайтириш ва уларнинг чидамлилигини оширишга катта эътибор қаратилади. Бунинг учун йил давомида мунтазам равишда машғулотлар ташкил этилади.

Ўзбек боксининг яна бир муҳим жиҳати сифатида боксчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратишдир. Ҳар бир вазн тоифасида энг камида уч нафар боксчи терма жамоадаги ягона ўрин учун кураш олиб боради.

Энг муҳими, ўзбек боксчиларининг ғурурлилиги, ватанпарварлиги, иродаси, меҳнатсеварлиги ва юқори ахлоқий қадриятлари юксак мақсадларга эришишнинг устувор йўналиши бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

The Sokhibov

Sports.uz 2018