Суҳроб Раҳимбеков: Ўзимга ишонмаганимда олти спорт турида чемпион бўлмасдим

13 апрель,2017, 09:00 3490

Суҳроб Раҳимбеков: Ўзимга ишонмаганимда олти спорт турида чемпион бўлмасдим

 


Мамлакатимизда маҳоратли спортчилар кўп. Улар қатор спорт турлари бўйича халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Айниқса, яккакураш турлари билан шуғулланаётган спортчиларимизнинг натижаси юқори бўлмоқда.

Истеъдодли жанг усталарида бири Суҳроб Раҳимбеков 22 апрель куни Россияда мезбонлар вакили Сергей Рахматуллинга қарши рингга чиқади. SPORTS.uz ахборот портали инстаграмдаги UZSPORT_no1 саҳифаси билан ҳамкорликда Суҳроб Раҳимбеков билан суҳбат ўтказди.

- Суҳроб, ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз...

- Мен 1991 йили Самарқанд шаҳрида туғилганман. Ҳозиргача яккакураш турлари билан мунтазам шуғулланиб келаман. 

- Спорт билан шуғулланишингизга нима сабаб бўлган?

- Спорт билан болалигимдан, яъни етти ёшимдан шуғулланаман. Қизиқиш ва соғлом бўлиш истагим туфайли спорт ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланди.

- Биринчи бўлиб қайси спорт тури билан шуғуллангансиз?

- Дастлаб, таэквондо машғулотларида қатнашганман. Кейинроқ яккакурашнинг бошқа турларини ҳам ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратдим. Ҳозир бир неча спорт тури бўйича спорт устасиман.

- Қандай ютуқларга эришгансиз?

- Олтита спорт туридан чемпионман. Жанговар самбо билан саккиз йил шуғулландим. Бу спорт туридан Чехиядаги турнир ғолиби бўлдим. Кейинроқ Жанубий Кореяда Осиё чемпионлигига эришдим.

Ушу санда бўйича АҚШда жаҳон чемпиони, Тошкентда Осиё чемпиони, деган шарафли номга эга бўлдим.

Спортчилик фаолиятим давомида комбат айкидо бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони, таэквондодан Америка очиқ чемпионати ғолиби, ММА йўналишида Осиё ва Қозоғистон очиқ чемпионатида олтин медаль соҳиби бўлдим.

- Суҳроб, тез кунларда муҳим жанг бўлади. Тайёргарлик жараёнида нималарга эътибор қаратяпсиз?

- Бўлажак беллашувга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўряпман. Рақибим жиу житсу устаси экан. Машғулотларда унинг устун жиҳатлари ва камчиликларини аниқлаб, шунга яраша машқ қиляпмиз. Албатта, бўлажак жангда ўзим қўллашни мақсад қилган ўзига хос яширин “қуролларим” ва рақибим билмайдиган усулларим бор.

- Жанг олдидан ҳаяжон борми?

- Йўқ. Мен бунақа жангларга кўникиб кетганман.

- Сиз мураббийсиз шуғулланар экансиз. Бу қийинчилик туғдирмайдими?

- Мен беш йилдан буён мураббийсиз шуғулланяпман. Албатта, бошида бироз қийналдим. Ҳозир кўникиб кетганман. Ўзим учун нима кераклигини мендан яхши биландиган инсон йўқ.

- Спортни тарк этиш фикри бўлганми?

- Болалигимда бир неча маротаба спортдан кетмоқчи бўлганман. Бунга мағлубиятларнинг кўплиги сабаб бўлган. Кейин эса мағлубиятсиз ғалаба бўлмаслигини тушуниб етдим. Ҳозир ҳар бир жангда ғалаба қозониш учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қиламан.

- Ҳозир энг кучли яккакураш усталаридан бирисиз. Шу даражага чиқишингизга ишонармидингиз?

- Албатта, ўзимга ишонардим. Бу даражага етишиш учун кўп меҳнат қилдим. Машаққатли машғулотлар, кескин ва муросасиз беллашувларда тажриба тўпладим. Маҳоратимни чарҳладим. Буларнинг ҳаммаси ўз кучимга ва салоҳиятимга ишонганимдагина фойда беришини билардим.

- Суҳроб, бўлажак жангда сизга ғалаба тилаймиз...

- Раҳмат.

 

 

SPORTS.uz