Таиланд терма жамоаси Тошкентга янги бош мураббий билан келади

26 апрель,2017, 17:48 947

Таиланд терма жамоаси Тошкентга янги бош мураббий билан келади

 

2018 йилги Жаҳон чемпионати сўнгги саралаш босқичидаги муваффақиятсиз натижалари сабаб, Таиланд миллий терма жамоаси бош мураббийи Киатисак Сенамуанг истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига Гана ҳамда Қатар терма жамоаларида бош мураббий сифатида фаолият юритган Милован Раевац тайинланди.

Таиланд футбол уюшмаси вице-президенти Виттая Лоаҳакулнинг маълум қилишича, сербиялик 63 ёшли мураббий билан бир йиллик шартнома имзоланган ва у 4 майдан бошлаб кучга киради.

“Раевац билан тузилган шартномамиз ҳозирча бир йилга холос. Таиланд терма жамоаси унга ўзини кўрсатиши учун имконият яратиб беради. Ишонамизки, у жамоамизга янги ғалабалар олиб келган ҳолда, муносиб танловни амалга оширганимизни исботлайди. Раевацни танлаганимизни сабаби унинг тактикаси осиёликларга хос. Ўйлаймизки, ушбу қароримиз кутилгандек яхши натижа беради” – дейди, Виттая.

Тезкор хабар. Ўзбекистон - Таиланд учрашуви «Пахтакор» стадионида ўтказилади

Милован Раевацнинг терма жамоа билан дастлабки учрашуви 6 июнь куни Тошкентда Ўзбекистонга қарши бўлиб ўтади. Бир ҳафта ўтиб эса, ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасида Бангкокда БАА терма жамоасини қабул қилади.

Маълумот ўрнида, Милован Раевац 2010 йилги Жаҳон чемпионатида Гана терма жамоасини чорак финалгача олиб чиққан ва финал остонасида Уругвай терма жамоасига пеналтилар сериясида мағлуб бўлган эди.