Умид Аҳмаджонов ёш футболчиларни Франция жамоаларига жалб қилиш борасида келишувга эришди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Испанияда расмий ташриф билан бўлиб, бир қатор мутасаддилар ва мутахассислар билан учрашгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.

Бугун Умид Аҳмаджонов Парижда Франция футбол федерацияси мутассаддилари - Франция футбол федерацияси Президенти маҳкамаси бошлиғи Жаноб Кенни Жан Мари, Ташқи алоқалар ва институтлараро алоқалар бошқармаси бошлиғи Эмили Домс ва Франция футбол федерацияси Техник директори Филип Монтаньер билан учрашди.

Учрашув давомида болалар футболи бўйича франциялик мутахассисларни Ўзбекистонга олиб келиш, юртимиздаги ёш футболчиларни Франция жамоаларига жалб қилиш, Суперлигада иштирок этадиган жамоаларнинг савиясини ошириш, уларнинг иш фаолиятини Европа андозалари асосида йўлга қўйиш мақсадида клублар бош директорлари ва академиялар раҳбарларини Парижга малака ошириш ва тажриба ўрганишга юбориш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, шу йилнинг апрель – май ойларида Франция футбол федерацияси, Франция Ташқи ишлар вазирлиги ва Франция Спорт вазирлиги мутахассисларидан ташил топган делегация юртимизга ташриф буюриши кўзда тутилган. Улар Суперлига клубларининг маркетинг бўйича мутахассислари иштирокидаги семинарларида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, клубларимизнинг маркетинг бўйича фаолиятини самарали йўлга қўйишга ёрдам беришади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!