
"Uzbek Tigers" иккинчи учрашувга ўта кучли боксчиларни жалб қилди
Бокс оламида энг нуфузли мусобақага айланиб бораётган The World Series Boxing (WSB) - Бутунжаҳон бокс серияларининг VII мавсумида иштирок этаётган "Uzbek Tigers" жамоаси иккинчи учрашувини Қозоғистоннинг "Astana Arlans Kazakhstan" жамоасига қарши ўтказади.
Дастлабки учрашувда сафарда Хитойнинг "China Dragons" боксчиларига 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган жамоамиз мураббийлари иккинчи учрашувга ўта кучли таркиб - Рио Олимпиадасида ўзини кўрсатган чарм қўлқоп усталарини жалб қилди.
18 февраль куни Қозоғистоннинг Толдиқўрғон шаҳридаги "Zhastar Sports Palace" спорту мажмуаси мезбонлик қиладиган "Astana Arlans Kazakhstan" - "Uzbek Tigers" учрашуви бешта вазн тоифасида ўтказилади.
"Uzbek Tigers" жамоаси шарафини қуйидаги боксчилар ҳимоя қилади:
52 кг: Аброржон Қодиров,
60 кг: Муроджон Аҳмадалиев (Олимпия ўйинлари совриндори),
69 кг: Шаҳрам Ғиёсов (Олимпия ўйинлари кумуш медаль соҳиби),
81 кг: Бектемир Мелиқўзиев (Олимпия ўйинлари кумуш медаль соҳиби),
+91 кг: Баҳодир Жалолов.
Мураббийлар штаби Тўлқин Қиличев, Раҳматжон Рўзиохунов ва Равшан Хўжаевдан таркиб топган. Жамоа шифокори вазифасини Комилжон Расулов бажаради.
Фикрлар