Анвар Ғофуров шогирди ҳақида: Менга чиройли болами ёки хунук - фарқи йўқ

Ўзбекистон Суперлигаси 5-туридан ўрин олган "Бунёдкор" - "Динамо" баҳси бўлиб ўтди. Унда жамоалар 0:0 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. 

4 очкоси бор самарқандликлар айни дамда Суперлига турнир жадвалида ўн биринчи, 2 очкоси бор "қалғирғочлар" эса ўн учинчи поғонани банд этиб турибди. 

Беллашувдан сўнг "Бунёдкор" устози Анвар Ғофуров иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Қуйида унинг фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин: 

- Икки жамоага ҳам очколар керак эди. Ҳар икки клубда ҳам вазиятлар бўлди. Самарадорлик устида ишлаяпмиз, аммо бизга бироз совуққонлик етишмаяпти. Кубок учрашувларида биринчи қадамларни қўйишга ҳаракат қиламиз. Бизга нимадир ҳалақит бераётгандек туюляпти. Ўйлайманки, бизда кўтарилиш учун зиналар бор. Ишлашимиз керак. 

- Гол урилмаётгани ресурслар етишмаётганиданми ёки тажрибасизликданми?

- Бизда тажрибали футболчилар бор. Билмадим, балки футболчилар бир-бирини тушунтириб бера олмаётгандир. Балки ўз талабларимизни йигитларга сингдира олмаётгандирмиз. Мен ҳам "Бунёдкор" яхши ўйин кўрсатиб, ўз мавқеини тиклашини хоҳлайман. Имконит бўлса, яхши футболчиларни таклиф қилиб, рақобатбардош жамоа шакллантиришга ҳаракат қиламиз. 

- "Бунёдкор" 5 та турда 3 та қизил карточка олди. Бу жараёнга муносабат? Тоҳир Тўхтасинов ҳам майдонга тушиши билан қизил карточка олиб чиқиб кетди

- Биз ҳам яхши ниятда Тоҳирни майдонга туширгандик. У ҳужумда анча активлик олиб келишини кутгандик. Барибир ҳеч бир футболчи бу каби ҳаракатларни атайин бажармайди. Баъзан қисқа муддатга мия ишламай қолади. Биз уларга бундай ўйнамаслик кераклигини тушунтиряпмиз.  Шундай бўлса-да, мазкур нарсалар футболнинг бир қисми.

- Фарҳод Ўткиров билан нима содир бўляпти? Уни биринчи тайм тугаши арафасида захирага олдингиз ва майдон четида анча вақт нимадирларни тушунтирдингиз?

- Бу оддий иш жараёни. Унга ўзига яраша талаблар бўлганди. У ўтган беллашувда бу талабларни бажармаганди, аммо машғулотларда ўзини кўрсатди. Чиройли ё хунук бола, кимдир менга ёқмайди ёки ёқади - бу каби мезонлар менда йўқ. Машғулотда ким ўзини кўрсатса, марҳамат. Уни эртароқ захирага олмоқчи эдим. Бироқ унга имконият бердим. У мен берган кўрсатмаларни қилишини кутдим. Ўткиров нимага қодир эканлигини кўрсата олмаяпти. Буёғига ҳам унга имконият берамиз. Шундай бўлса-да, бу ҳар доим шундай бўлади, деганимас. 

- "Бунёдкор" очко йўқотдими ёки олдими? 

- Бу саволга жавоб берсам, ҳар хил гаплар кўпайиши мумкин. Менимча, ўзимизда айб. Майдонда ўзимиз ҳаракат қиламиз. Биздан бошқа ҳеч ким натижага таъсир кўрсата олмайди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!