Баҳодир Аҳмедов: Осиё чемпионатида юқори натижаларни қўлга киритишни мақсад қилганмиз

 

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини ўтказаётгани ҳақида аввад хабар бериб ўтгандик. Бугун ўқув-машғулот йиғини ўз якунига етди.

Терма жамоа бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов ўтказилган йиғин ва келгуси режалар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди: 

“Ҳукуматимиз раҳбарияти томонидан юртимизда спортни оммавийлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, хусусан, ўзбек футболини юқори савияга олиб чиқишга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Ўз ўрнида Ўзбекистон футбол федерацияси президенти томонидан ҳам футзални ривожлантириш, футзал бўйича терма жамоаларимизнинг ўқув-машғулотларини юқори савияда ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилаётгани ҳам қайд этиб ўтиш зарур. 

Олдимизда катта мусобақа – футзал бўйича Осиё чемпионати турибди. Мана шу мусобақада муносиб иштирок этиб, юртимиз номини халқаро майдонларда янада юқорига кўтариш учун тайёргарликни бошлаб юборганмиз. 

18 декабрдан 28 декабрга қадар 10 кун давомида Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини ўтказдик. Йиғинда терма жамоага номзод бўлган жами 18 нафар футзалчилар иштирок этишди. Кунига икки маҳалдан машғулотлар олиб бордик. Йиғин давомида асосий эътиборни ёш футзалчиларни синовдан ўтказиб олишга қаратдик. Жумладан, бу сафарги ўқув-машғулот йиғинига тажрибали футзалчилар билан бир қаторда Акбар Усмонов, Ботир Ризаев, Ҳусниддин Нишонов, Ихтиёр Ропиев, Анасхон Раҳматов каби ёшлар ҳам жалб қилинди. 

Январь ойида яна иккита йиғин ўтказишни режалаштирганмиз. Дастлабки машғулотлар Тошкентда ўтади. Кейин эса хорижда яна ўқув-машғулот йиғинлари ва ўртоқлик ўйинлари ўтказишни режалаштирганмиз. Хориждаги йиғинни ўтказиб, Осиё Чемпионатида иштирок этиш учун Хитой Тайпейига учамиз. 

Хабарингиз бор, гуруҳимиздан Япония, Жанубий Корея ва Тожикистон терма жамоалари жой олган. Анчагина кучли гуруҳ. Шунга қарамай, бўлажак Осиё чемпионатида муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритишни мақсад қилганмиз”, - дейди Баҳодир Аҳмедов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!