ЎФФда болалар футболи мутахассислари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

Бугун 15 январь куни Ўзбекистон футбол федерациясида болалар ва ўсмирлар ҳамда оммавий футболни ривожлантириш, малакали мураббийлар тайёрлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Йиғилишда ЎФФнинг масъуллари ҳамда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган мутахассислар иштирок этишди.

Аввал маълум қилинганидек, бу йил бутун республика бўйлаб болалар ва ўсмирлар ҳамда оммавий футбол бўйича 1000га яқин мусобақа ўтказиш режалаштирилган.

Тадбир давомида ЎФФ Техник ривожлантириш бошқармаси томонидан йиғилганларга болалар ва ўсмирлар ҳамда оммавий футбол мусобақаларини ўтказиш тартиби ҳамда мураббийларни тайёрлашнинг янги тизими бўйича тақдимот қилинди ҳамда мусобақалар тақвими белгилаб олинди. Мутахассисларга ҳудудларда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантиришда, мусобақаларни ўтказишда аҳамият қаратиш керак бўлган муҳим жиҳатлар ҳақида кўрсатмалар бериб ўтилди.

Бундан ташқари, жойларда болалар ва ўсмирлар футболи бўйича иш олиб бораётган мутахассислар ўз ишига қанчалик лойиқ эканини аниқлаш, малакасини текшириш учун улар билан суҳбат ўтказилди. Шунингдек, мураббийларни тайёрлаш бўйича мутахассисларнинг малакаси ҳам синовдан ўтказилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!