"Пахтакор"ни бошқаришга тайёр эдим, аммо Хюистрага ёрдам бермасдим. Энди "Металлург"ни кучли жамоага айлантирмоқчимиз" - Жасур Абдураимов билан очиқ суҳбат

“Металлург” клубига бош мураббий этиб тайинланган Жасур Абдураимов ҳақида олдиндан яхши фикрларни эшитиб келамиз. Унинг футболда ўз имзоси бор дейишимиз мумкин.

“Пахтакор”да ишлаш орқали анчагина тажриба тўплади. Ҳозир “Металлург” клубини ривожлантириш устида ишлаяпти. “Пахтакор”дан кетиб, Бекобод жамоасида иш бошлаганидаёқ ушбу мутахассис билан қизиқарли суҳбат уюштириш ниятида эдик. Ниҳоят, бу истагимиз амалга ошди.

- Миллий терма жамоамизнинг расмий ўйинлари сабабли Суперлигада бир ойдан зиёд вақт давомида юзага келган танаффус клублар учун ижобийми ёки салбий?!

- Биз учун бу плюс. Нимага? Чунки бизда янги жамоа, футболчилар ҳам мураббийлар ҳам янги. Ҳар куни машғулот ўтказяпмиз, ўйинимизни кучайтириш учун изланяпмиз. Барибир бу ҳолат плюс бўладими ёки минусми, буни ўйинлар кўрсатади. Лекин биз ўйин услубимизни алмаштиряпмиз. Шуни назарда тутганда, чемпионатдаги танаффус бизга яхши бўлади. Бошқа клубларга қанчалик таъсир қилишини билмайман.

жасур абдураимов8

- “Металлург”да иш бошлаганингиздан сўнг, бирин-кетин иккита мағлубиятни қабул қилдингиз ва кейин ғалабалар бошланди. Жамоа ўйинида ўзгаришлар бор. Ниманинг эвазига ўйин ва натижаларни ўзгартира оляпсиз?

- Буни биргина жавоб орқали айта олмайман. Биринчи навбатда машғулот жараёнларини айтишим керак. Ҳаммаси аслида қийин иш. Футболда ниманидир ўзгартириш керак бўлса, дастлаб машғулот услубини ўзгартириш лозим. Шунга яраша қўл остингиздаги футболчилардан ҳам муносиб ҳаракат бўлиши талаб қилинади. Уч йил давомида уларга орқага ўйнаб, қарши ҳужум орқали ўйин ташкил қилиш ҳақида айтилган. Ҳозир эса фақат ҳужумга ўтишимиз керак. Шунинг учун футболчиларга қийин. Биридан иккинчисига мослашиш осон эмас. Оддий вазиятларда ҳам тўпни орқага узатишарди. Энди фақат олдинга узатишлари керак. Буни ўрганишга футболчилар учун вақт ҳам керак. Уч ой жуда кам. Ҳеч бўлмаганда ўйин услубимизни ўзлаштириб олишга бир йил керак.

- Клубда иш бошлаганингиздан кейин олдингизга аниқ мақсад қўйилдими?

- Бизда мақсад битта: ҳар бир ўйинда ютиш! Ҳозирча жамоамизда вазифа йўқ. Асосан ҳар бир ўйинимизда натижа қилишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун ҳужумкор ўйин кўрсатишимиз керак. Жамоа ўйинини алмаштириш кераклиги ҳақида айтишган. “Металлург”нинг ўйини зўр бўлиши керак.

жасур абдураимов5

- Трансфер ойнаси очилган пайтда “Металлург” таркибида ўзгаришлар бўлиши ҳақижа эшитяпман. Масалан, Филипосян ва яна бошқа ўйинчиларга алоқага чиққансизлар. Умуман олганда, таркибда қандай ўзгаришлар кўрамиз?

- 8-10 та ўйинчи билан музокаралар олиб боряпмиз. Ҳозирча бу ҳақида айта олмайман. Биринчи даврадан кейин ҳамма эшитади. Айни дамда яна айрим янги футболчилар билан гаплашяпмиз. Ҳали 100 фоиз ҳал бўлмаган.

- Музокаралар маҳаллий ўйинчилар биланми ёки легионерлар ҳам борми?

- Ҳаммаси маҳаллий ўйинчилар. Улар 22, 25 ва 26 ёшдаги йигитлар. Биз легионерларни олмаймиз. Ўзимиздаги футболчиларга қараяпмиз. Бизга келадиганлари ёш ва иқтидорли.

- Россиялик футболчи Евгений Макеев кетибди-да?!

- Ҳа, Макеев кетди, Шипилов кетди. Чумак ўринбосарлар жамоасига ўтди.

- Демак, у ҳам кетадими?

- Бизга легионерлар керак эмас. Яна такрорлайман: биз ўзимизни ўйинчиларга эътибор беряпмиз.

Жасур Абдураимов7

- Яқинда “Пахтакор” клуби спорт директори Жаъфар Ирисметов билан суҳбатлашганимизда мавсум бошида бош мураббийликка сизнинг номзодингиз кўриб чиқилгани ҳақида айтди. Питер Хюистрага бош мураббий лавозими топширилганида бундан хафа бўлган экансиз. Шу ҳақида ҳам гапирсангиз, ростми?

- Бу рост. У ерда 3,5 йил Шота Арвеладзега ёрдам бердим. Кейин “Пахтакор”да бош мураббий алмашишини сездим. Бир куни клуб президенти Питер Хюистра бош мураббий бўлади деб айтди. Шунда мен Хюистрага ҳам, бошқасига ҳам, умуман ҳеч кимга ёрдам бермайман дедим. Шу тариқа, “Пахтакор”дан кетдим.

- Ўзингизда “Пахтакор” бош мураббий бўлиб ишлашга иштиёқингиз катта эди...

- Албатта. Менда мана шундай мақсад бор эди. 3,5 йил чидадим. Ёрдам бердим, сабр қилдим. Ҳаммасига ҳаракат қилдим, тажриба ҳам тўпладим. Ҳаммасига тайёр бўлгандим. Лекин кейин шунақа бўлиб қолди. Бу ҳаёт. Кимни таклиф қилишни, кимга жавоб беришни клуб президенти ҳал қилади. Ҳеч кимдан хафачилик йўқ.

- Питер Хюистра бош мураббий бўлганига муносабатингиз қандай бўлди?

- Хюистра билан ҳам 3,5 йил бирга ишладим. Иккимиз ҳам ёрдамчи бўлганмиз. Шота ҳам фақат мендан ва ундан сўрарди, футбол ҳақида. Кимни қандайлигини, ким нимага қодирлигини яхши биламан. Боя айтдим, мен бош мураббий бўлиб ишлашга тайёр бўлгандим. Лекин Хюистрага ёрдам бермасдим.

Жасур Абдураимов

- Лекин сизда “Металлург”да ишлаш имконияти туғилди. Бу ерда бош мураббий сифатида ўзингизни нималарга қодирлигингизни исботламоқчимисиз? Бундай иштиёқингиз кучлими?

- Мен ҳеч кимга ҳеч нимани исбот қилмайман. Биринчи навбатда ўзимга-ўзим исботлайман. Қўл остимдаги ўйинчиларга яхши футбол ўйнашларига ёрдам бераман. “Металлург” клубини кўтариш керак. Вице-президентга раҳмат айтаман, менга ишонгани учун. Энг аввало бу ишонч. “Пахтакор”да ҳаммаси бўлиб 16 йил ишладим, охиригача. Аммо ишонч бўлмади. Бекободга келдим, менга ишонишди. Биринчи навбатда ўзбекмизми, ўзимизни ҳурмат қилиш керак. Европада топ-мураббийлар кўп эмас, 12-15 та. Ўша топ-мураббийлар Ўзбекистонга келса, улардан ниманидир ўрганамиз. Шунингдек, ўзимиздаги мураббийларни ҳам ҳурмат қилишлари керак. Афсуски, буларни ҳурмати йўқ. Мураббий бўлиб ишлаш жуда қийин. Футбол ўзгаряпти, ҳамма ўрганяпти, услубига яраша футболчи топиши керак. Натижага жавобгар мураббий. У жамоасида яхши ўйинни ташкил қилиши лозим. Европада мураббийларга ҳурмат билан қаралади.

- “Металлург”да келишдан олдин сизда бошқа вариантлар ҳам бормиди?

- Вариантлар бор эди. Нимага “Металлург”?! Булардан менга ишонч билдирилди. Эртадан кейин “Металлург”ни топ-клубга айлантиришмоқчи. Бунга икки йил кетадими ёки уч йилми, шунга эришишмоқчи. Бу менга ёқди. Ҳамма нарсага вақт керак. Эсласангиз, Арвеладзе “Пахтакор”га келганида 1,5 йил қийин бўлган. Ўша пайтда мен унга ҳамма нарсага вақт керак деб айтганман. Мана, охирги икки йилда ҳаммасини ютдик. Ўйин ҳам яхши чиқди.

жасур абдураимов4

- “Металлург”да ҳам сизга мана шундай етарли вақт беришларига ишоняпсизми? Ёки бу ёғи таваккалчиликми?

- Жамоа раҳбарлари билан ҳаммасини гаплашганман. Уларга чидайсизларми десам чидаймиз дейишди. Вақт берасизларми, десам вақт берамиз деб айтдилар. Менга ишла, зўр жамоа тузишга ҳаракат қил, деб ишонч билдиришди.

- Шота Арвеладзени ёнида 3,5 йил юриб, ундан нима ўргандингиз?

- Биринчи навбатда яхши ташкилотчиликни ўргандим. У мураббий сифатида футболчиларга машғулотларда ҳам, ўйинда ҳам 100 фоиз борини беради. Ўйинчилари учун ҳамма нарсани қилади. Мураббийлик бўйича ҳам кўп нарсани ўргандим. Ўзи ҳам биздан кўп жиҳатлар бўйича ўрганди.

жасур абдураимов6

- Мураббийлик фаолиятингизни кузатар эканмиз, “Пахтакор”дан ташқари ёшлар терма жамоасида ҳам ишлагансиз. Ишингизни кузатиш қизиқарли. Арвеладзедан ташқари яна қандай мураббийлардан андоза олиб турасиз?

- Гвардиоланинг системаси менга ёқади. У қаерга бормасин доим ўзининг системасини йўлга қўйяпти. Ҳа, хатолар бор, аммо системаси менга ёқади. “Манчестер Сити”ни ёқтираман. Шота Арвеладзе келганида у ҳам “Манчестер Сити”ни ёқтираман деди. У билан фикримиз бир жойдан чиқди ва иккимиз бир йўналишдан бордик, бу яхши эди. Шота Юстинович билан дўст тутиндик, яқин шерикларга айландик. Бир-биримизни яхши тушунардик.

- “Пахтакор” Хюистра билан нимага эриша олади, деб ўйлайсиз?

- “Пахтакор”да зўр футболчилар бор. Клуб биринчи ўринни олиши керак. Лекин Хюистра ҳақида ҳеч нима айтмайман. Аммо “Пахтакор”ни яхши кўраман. Бу клуб юрагимда қолади.

- Демак, бу йил ҳам “Пахтакор”нинг чемпионлигига ишоняпсизми?

- Кўрамиз. Ҳамма жамоа ҳам ҳаракат қиляпти. Ўйинлар яхши ўтяпти. Барчасини вақт кўрсатади. Чемпионат охирида кўрамиз.

Жасур Абдураимов2

- Суперлигамизда ўсиш бор деб ўйлайсизми?

- Ўзингиз кўряпсиз, ҳамма жамоа ҳар бир ўйинда ҳаракат қиляпти. Ким ютишини ва ютқазишини билмаймиз. Ҳар бир турда кичкина сенсациялар ҳам бўляпти. Бу яхши. Футболимиз ўсяпти.

- Ўзбекистон чемпионатида сиз учун энг кучли учта мураббийни айтинг...

- Рўзиқул Бердиев, Улуғбек Бақоев, (бироз ўйлангач) Бахтиёр Ашурматов.

- Мураббий сифатида орзуингиз қандай?

- Аввало “Металлург” ўйинини ўзгартириш ва жамоани кўтариш ҳақида ўйлаяпман. Бу биринчи навбатдаги ишимиз. Бутун эътиборимни “Металлург”га қаратганман. Ҳужумкор ўйин кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз, бу орқали футболчилар ўсиши керак.

жасур абдураимов3

- Юқорида легионерлар керак эмаслиги ҳақида айтдингиз. Нима учун хорижлик футболчиларга қизиқмаяпсиз?

- Легионер бўлгандан кейин у сифатли бўлиши лозим. Бу менинг қарашларим. Ўзбекистонга сифатли легионер келадими-йўқми, бу жумбоқли савол. “Пахтакор”да ҳам 7-8 нафар легионерларни кўрдим. Бошқа жамоаларда ҳам учратдим, легионерларни. Ҳозирча чемпионатимизда сифатли легионер фақат Драган Черан. Яна бир-иккитаси бор. Биринчи навбатда ўзимизни футболчиларга имконият бериш керак. У мураббий бўладими ёки футболчими, аввало ўзимизни-ўзимиз кўтаришимиз керак. Европага, “Манчестер Сити, “Бавария”, “Челси” сингир топ-клубларга бир-икки ойга бориб амалиёт ўташ керак. Айниқса, топ-мураббийлардан ўргансин. Менда шундай ният бор. Учала клубдан бирига бориш ниятидаман.

- Бунга ҳаракат бошланганми?

- Айтдим раҳбарларга, ҳаракат қиламиз. Балки йил охирида ёки биринчи даврадан кейин. Кўряпсиз, футболда ўзгаришлар тез рўй беряпти. Биз ҳам уларга қараб ўсишимиз лозим. Мана, “Челси” ўз ўйинини кўрсатди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ашуров Бахтийор
12/06/2021 16:24
Жасурга ишонса бўлади.Ишдан қочмайди.Ва ақиллий йигит.