Рекордлар, медаллар, лицензиялар: Пара енгил атлетикачиларимиз Парижда янги саҳифа очишди

Пара енгил атлетика бўйича Париж шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионати ўз якунига етди.

Дунёнинг 103 та мамлакатидан 1206 нафар пара атлет иштирок этган бу галги дунё биринчилиги терма жамоамиз аъзолари учун муваффақиятли кечди. Матонатли паралимпиячиларимиз ушбу мусобақада 6 та олтин, 7 та кумуш ва 4 та бронза, жами 17 та медаль қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида сайёрамизда 8-ўринни эгаллашди.

Таққослаш учун, пара атлетларимиз 2019 йилда БААда ўтказилган жаҳон чемпионатида 4 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза, жами 8 та медаль қўлга киритишган эди.

Яна бир эътиборли жиҳати, бу галги жаҳон чемпионатида 5 нафар спортчимиз - Дониёр Салиев, Иззат Турғунов ва Асила Мирзаёрова узунликка сакраш баҳсларида, ядро улоқтиришда Бобур Омонов, найза улоқтиришда эса Нурхон Қурбонова жаҳон рекордини янгилашди. Бундан ташқари терма жамоанинг кўплаб спортчилари ўз шахсий рекордларини ҳам айнан Париждаги жаҳон чемпионатида ўрнатишди.

Энг муҳими 19 нафар пара атлетимиз келгуси йил айнан Париж шаҳрида бўладиган XVII ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри лицензияни ҳам қўлга киритди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Норов Абдужалил
18/07/2023 15:44
Медаллар жамгариш буйича уммумий жадвални хам иашланг. @admin