Ёш дзюдочиларимиз "Бремен Мастерс" турнирини кучли учликда якунлашди!

, 23-24 март кунлари Германияда дзюдо бўйича ёшлар ўртасида анъанавий "Бремен Мастерс" турнири бўлиб ўтди.

Бу йилги мусобақада Искандар Расулов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 8 нафар дзюдочиси икки кун давомидаги муросасиз беллашувларда юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Якунда уларнинг уч нафари шоҳсупага кўтарилди. -81 кг вазнда курашган Мардон Равшанов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, мусобақа олтин медалини қўлга киритди. Равшанов 1/2 финалда япониялик Сузукидан, финалда эса бразилиялик Луан Алмейдадан устун келди. Ҳамюртимиз саралаш баҳсларида Бразилия, Финляндия ва икки германиялик рақибларини мағлубиятга учрата олди. -90 кг вазн тоифаси финалида татамига чиққан Алишер Саманов эса озарбайжонлик Аслан Котсоевга имкониятни бой бериб, кумуш медал билан тақдирланди. -73 кг вазндаги дзюдочимиз Ҳожиакбар Тошев эса бронза медалига сазовор бўлди.

Мусобақа якунига кўра Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди. Катта таркиб билан иштирок этган Озарбайжон терма жамоаси 4 та олтин, 3 та бронза медали билан биринчи ўринни эгаллади. Дзюдо ватани вакиллари - японияликлар 2 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан иккинчи ўриндан жой олишди.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!