«Ливерпуль»га «кўз тегдими»?

«Бёрнли» жамоаси «Ливерпуль»ни «Энфилд»да мағлуб этди ва чинакам сенсацияни амалга оширди. Эътиборлиси шундаки, «Ливерпуль» қаторасига 5 та учрашувдан бери ғалаба қозона олмаяпти. Юрген Клопп шогирдларига нима бўлди? Наҳотки, «мерсисайдликлар» чемпионлик учун курашдан чиқиб кетди? Бугун шу саволларга жавоб излашга уриниб кўрамиз.

ada3r2353

Фақат фактлар

  1. Ғалабасиз cериядаги ўйинлар сони 5 тага етди. Барчаси «Вест Бромвич»га қарши (1:1) учрашувдан бошланди. Сўнгги бор, «қизиллар» 19 декабрь санасида ғалаба қозонган эди. «Кристал Пэлас»ни йирик (7:0) натижаси билан доғда қолдирган жамоа қаторасига 5 та учрашувда 3 очко ишлай олмаяпти.

 

  1. Бундан ташқари, клуб 4 та ўйиндан бери гол киритишни уддалай олмаяпти. «Ньюкасл», «Саутгемптон», «МЮ» ва «Бёрнли»га қарши учрашувларда ҳужум чизиғи оқсади. Бошқачароқ қилиб айтсак, «Ливерпуль» 438 дақиқадан бери гол киритгани йўқ.

 

     2.1  438 дақиқа ичида Энфилд эгалари рақиблар дарвозасига 87 бор зарба йўллаган. Киритилган          голлар йўқ. Бу жамоанинг Юрген Клопп қўл остидаги энг ёмон натижаси бўлиб турибди.

 

    2.2  Бундай омадсиз серияни сўнгги бор «қизиллар» 2000 йилда намойиш этганди. Клопп эса, бундан 14 йил илгари «Майнц»да фаолият олиб борган чоғларда 4 та учрашувда гол кирита олмаган.

 

  1. Афсуски, жамоа «Энфилд»даги 68 та ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига якун ясади. «Ливерпуль» деярли 4 йилдан бери АПЛ баҳсларида ўз уйида ҳеч кимдан мағлуб бўлмаган эди. «Бёрнли»дан аввал, «Кристал Пэлас» 2017 йилда «Энфилд»да ғалаба қозонишга муваффақ бўлган. Бундан кўриниб турибдики, Клопп Жозе Моуриньонинг рекордини янгилай олмади. Португалиялик мутахассис қўл остида «Челси» ўз уйидаги 86 та ўйинда (АПЛ баҳсларида) мағлубиятга учрамаган. Айнан шу рекорд инглиз клублари учун етиб бўлмас чўққига айланиб бормоқда.

 

  1. Шон Дайч АПЛ тарихидаги бу натижани қайд этган илк мураббийга айланди. Дайч ўз жамоаси билан 2017 йилда амалдаги чемпион «Челси»ни «Стэмфорд Бридж»да мағлуб этган эди. Энди Юрген Клоппнинг «Ливерпуль»ини «Энфилд»да доғда қолдирди. Дайч амалдаги чемпионларни ўз уйида таслим этиш борасида беназир!

 

  1. «Ливерпуль» ортда қолган 19 та тур давомида атиги 34 очко жамғарди. Бу 2015/16 йилги мавсумдан бери қайд этилган энг ёмон  кўрсаткич саналади. 2015/16 йилги АПЛ баҳсларида, клуб биринчи давра якунида 30 очко жамғарган эди. Якунда, турнир жадвалида бор-йўғи 8-ўринда қолиб кетишган.

ada3

Юрген Клопп мағлубиятдан сўнг, ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Кўпинча вазиятга юмор билан ёндашувчи мураббий сира ўзига ўхшамади. Унинг сўзларидан норози кайфиятда эканлигини шундоқ кўриниб турган эди.

«Биз бугун имконсиз ишни амалга оширдик. Сабаби, «Бёрнли»га ўз уйимизда мағлубиятга учрашимиз фантастика эди. Биз буни уддаладик! Албатта, бу менинг айбим. Менинг вазифам футболчиларимни ўйинга руҳан ва жисмонан яхши тайёрлаш. Бу сафар буни уддай олмаганга ўхшайман. Биз ўйин давомида тўпни назорат қилдик. Вазиятлар яратдик. Ҳозирги ҳолатимиз кризис эмас. Ҳар қандай гранд жамоа ҳам очко йўқотади. Боз устига, бугун «Бёрнли» бизга қарши супер мотивация билан тўп сурди».

Энди нима бўлади?

fwefwefwef

Юрген Клопп ва Шон Дайч ўртасидаги қарама-қаршилик сал бўлмаса, жанжалга айланиб кетиши мумкин эди. Мураббийлар ўйин давомида бир-бирга луқма ташлаган бўлса, биринчи тайм сўнггида сал қолса, катта жанжални бошлаб юбориши мумкин эди. Юрген кийиниш хонасига кириб кетаётган ҳамкасбини қувиб етди ва баланд овозда эътироз билдирди. Қизиққон Дайч ҳам қарздор бўлиб қолишни истамади. Улар ўртасидаги жанжалга нима сабаб бўлгани номаълум. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида аввалига Дайч бу ҳақида сўзлашни истамади. Клопп эса, «Дайч айтмаган бўлса, мендан ҳеч нарса сўраманглар» қабилида жавоб берди. Умуман олганда, Юргеннинг жанжалларга мойил эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай бўлса-да, ўша куни Клоппда илк бор чорасизлик аломатлари кўрингандек туюлди. Доимо агрессив футбол намойиш этувчи, юзидан табассум аримайдиган Клоппнинг кўзларида хавотир борлиги билиниб қолди. Балки, АПЛ чемпионлиги учун кураш деярли имконсиз аҳволга келиб қолгани ёки тинимсиз жароҳатлар сабабли, Юрген ортга чекинишга мажбур бўлаётгандир?!  Чекинишга ўрганмаган мураббий бу кетишда депрессияга тушиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

ahdhdh

Боз устига, олдинда уларни чинакам синовлар кутиб турибди. Юрген Клопп шогирдлари якшанба куни Англия кубоги доирасида «Манчестер Юнайтед»га қарши майдонга тушади. Кейинги ҳафтанинг ўртасида эса, уларни Жозе Моуриньонинг «Тоттенхэм»и кутиб турибди. Айнан шу учрашувлардан бирида «Ливерпуль» ўз омадсиз сериясига якун ясаши лозим. Бу осон бўлмайди, бироқ амалдаги чемпион бор кучини ишга солиши турган гап. Энди ортга йўл йўқ.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)