Норбой Муаллим Суперлигада қовун тушурганларни "пушка"га олишда давом этади.

Эндиликда SPORTS.uz Суперлига тур якунларига кўра энг “яхшилар”ни аниқлаб боради. Хўш, олтинчи турда кимлар ўзини ёмон томондан қолганлардан кўра "яхшироқ" кўрсатди? Бизда бешта вариант бор. Матн катталашиб кетмаслиги учун қисқа ва лўнда тушунтирамиз!

5 ўрин. Супер легионер - Чуквуемека 

“Қизилқум” чинакам “Сирли тулпор” образидаги жамоага айланиб бормоқда. “Сурхон”га қарши ўйинда “кончилар” айрим дақиқаларни жуда фаол ўтказган бўлса, бошқа минутларда озига ўхшагани йўқ. Асрор Алиқулов жамоада баланс топа олмаяпти. Шунга қарамай, прогресс сезилаётган “Сурхон” билан ўйинда 3 очко ишлаб олиши ҳеч гап эмас эди.

Баҳснинг 58 дақиқасида Чуквуемка деярли 2 метрдан аниқ зарба йўллай олмади. Тўғриси, бундай яқин масофадан ҳам ноаниқ зарба йўллайдиган легионерларни жамоага ким таклиф этгани менга жуда қизиқ. Агар мен олиб келган футболчи шундай вазиятни кўкка совурса, бошқа агентлик қилмаган бўлар эдим.

4 ўрин. Уйда сув жўмрагини очиқ қолдирган Достон Турсунов

Ёшлар қайтгач, “Пахтакор” анча дадиллашиб қолгани рост. Айниқса, Аббосбек Файзуллаев чинакам “катта футболчи” мақомига эришгани кўзга ташлана бошлади. “Суғдиёна”га қарши ўйинда айнан шу омил юзага чиқди. Ваҳоланки, баҳснинг 3 дақиқасида Достон Турсунов йўқ жойдан жамоасига қизил карточка ишлаб, ажойиб совға тайёрлаб қўйган эди. Энди-энди терма жамоа бош мураббийи эътиборига тушиш арафасидаги йигитнинг жарима майдончасида 21 ёшлик Хислат Халилов билан нимани бўлиша олмагани номаълум, бироқ “Пахтакор” Турсунов учун ҳам 90 дақиқа икки ҳисса куч билан жанг қилишга мажбур бўлди.

ОКМК билан бўладиган ўйинда бу сарф этилган ортиқча куч ўз сўзини айтиши мумкин. Боз устига, бу пайтга келиб Максим Шацких яна кучли захира вариантларисиз қолган бўлади. Қисқаси, Достон жамоасини нафақат “Суғдиёна” билан ўйинда, балки кейинги баҳсда ҳам анчагина мураккаб аҳволда қолишини таъминлаб берди. Айнан у ТОП 5 ни очиб беради.

3 ўрин. «Талпада» сезилмай кетган Насруллаев

“Насаф” – ОКМК ўйинидан сўнг, жанжал ва тўполон шу қадар авжига чиқди-ки, ҳатто ўйинда бурилиш нуқтасини ясаган бир эпизод антиқаҳрамони четда қолиб кетди. Сезганингиздек, гап биринчи бўлим ўрталарида 11 метрлик нуқтадан гол кирита олмаган Шерзод Насруллаев ҳақида бормоқда.

Қанот ҳимоячиси ўйиндан сўнг, сайтимиз учун берган интервюсида омад ундан юз ўгирганини айтди. Қисман бунда жон бор. Қўшимчасига, Суҳроб Султоновнинг супер реакциясини ҳам алоҳида эътироф этиш шарт. Агар “аждарлар” биринчи бўлимни тезкор гол билан бошлай олганида, “Бунёдкор” очилишга, ўз “Game Plan ”ни ўзгартиришга мажбур бўлар эди. “Насаф” эса, бундай имкониятдан фойдалана олгани йўқ. Насруллаев ўйинда бурилиш нуқтасини ясай олмади. Бу эса, якунда таблодаги натижага, кейин ўйиндан кейинги асабийликка таъсир кўрсатди.

2 ўрин. Мухлислар эътирофини 1 очкога алмашган сардор ва керак эмас пайтда портлаган Бердиев

Вазият ҳар қанча кескин бўлмасин, Даврон Эргашевни оқлаш имконсиз. У қоидага кўра, ғалабани истаганича нишонлаши мумкин. Бу уни танлови, бироқ футбол мухлислар учун ўйналади. Бу спорт турнинг ер юзидаги ягона “харидорлари” ҳам аслида улар. Бир киши кам бўлиб қолган “Насаф” билан ўйинда мағлубиятни дурангга айлантирган “Бунёдкор”нинг сардори эмоцияларини жиловлай олгани йўқ. Бежизга футболни совуқ мия ва қайноқ юрак билан ўйнаш кераклиги ҳақида мураббийлар бот-бот такрорламайди. Қаҳрамонимиз бу иккисини ўрнини алмаштириб қўйди.

sher1212

Ундан кейин Рўзиқул Бердиевнинг “юлдузли” онлари бошланди. Мураббий кутилмаганда “портлади”. Бу ерда, Даврон эстафетани бошлаган бўлса, Бердиев уни муваффақиятли давом эттирди. Якунда, мураббий жуда қийин паллада лицензиясиз қолиб кетиши мумкин. Олдинда “аждарлар”ни муҳим 5 ўйин кутиб турибди. Тақвим қўрқинчили. Эргашев эса, йўқдан бор қилаётган “Бунёдкор”нинг чинакам сардорига айланиш ўрнига, репутацияси учун жиддий зарба берди. Якунда, ҳеч ким ўз мақсадига ета олмади. Бундан энг кўп бу клубларнинг рақиблари наф кўриши турган гап.

1 ўрин. Ғалати пас берган Анзур, кутилмаган Қизил ва 2 сония хаёл сурган Раҳмонов

Билмадим, бу хатолар гулдастасини қандай номлаш мумкин? Келинг, бир анализ қиламиз.

21 дақиқа умуман кераксиз эпизодда Санжар Турсунов бесамар фол эканлигини била туриб оёқларини “Металлург” футболчисига қарата баланд кўтариб тўғридан-тўғри қизил карточка олиб майдонни тарк этмоқда.

Иккинчи эпизодда қизиқ воқеа содир бўлди. ОКМК марказий ҳимоячиси Сардор Раҳмонов рақиб футболчиси тўп билан олдинга бораётганини ва узатма амалга оширмоқчи эканлигини кўриб турганига қарамай, марказий зонани беркитишга кечикди.

sardor 1

Sardor 2

Ваҳоланки, кадрда, у тезлик олиши ва Иброҳим Ибрагимовнинг йўлига чиқиши учун 1-2 сония вақтга эга эди. Қўшимчасига, ҳеч кимга персонал ўйнамаётган Анзур Исмоилов ҳам негадир марказий зонани ҳувуллаб қолишига эътироз билдиргани йўқ. Тўпни тўхтатиш аралаш зарба қилиб йўллаган Ибрагимовни ғалати урунишини “Валиссон” реакцияси билан безаб берди.

Иккинчи голда ҳам тушунарсиз ҳолат. Айни дамда, Суперлиганинг энг тажрибали ҳимоячиси Анзур Исмоилов рақиб босим қилаётганини сезди, дарвозабон ўрнини ташлаб чиқганини кўрди, аммо дарвозабонга жуда ноқулай тарзда пас ташлаб берди.

Ваҳоланки, унда тўпни шунчаки аутга, ёки узоқроққа тепиб юбориш вариант ҳам бор эди. Бунинг учун вақт ҳам етарли эди. Фаолияти давомида “катта” ўйинларни кўрган марказий ҳимоячи қабул қилган қарор унинг майдондаги статусига сира мос келгани йўқ. 

Бу учлик биргаликда 6 турдаги ТОП 5 ни биринчи поғонасига эгалик қилиши адолатдан бўлади. “Қутурган” “Нефтчи”, жиловлаб бўлмас “Олимпик” ва юлдузларга тўла “Навбаҳор”га майдонда “нон” қолдирмаган йигитлар бир кунда 3 та қўпол хато қилиши мантиққа тўғри келмаяпти. Консентрацияни ОКМК "Металлург" билан ўйинда шу қадар ёқотишини  сиз каби мен ҳам тасаввур  қилмаган эдим. Баъзан шунақаси ҳам бўлиб турар экан. 

Сизнингча, бу “ТОП 5”дан “Нефтчи” клуби қутилиб қолгани адолатдан бўлдими? Фикринизни изоҳларда ёзиб қолдиринг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!