53 миллион ҳавога учиб кетдими?

Тимо Вернер – АПЛнинг жорий мавсумдаги энг омадсиз трансферлардан бирига айланиб бормоқда. 53 миллион фунт эвазига сотиб олинган ҳужумчи 29 ўйинда 5 гол киритди холос. Агар “XG” берган маълумотларга суянадиган бўлсак, мухлисларнинг ундан кўнгли совиб кетиши аниқ. Бундан 1 йил аввал Европа грандлари орзусига айланган Тимонинг тушиб қолган аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди…

ijergijeijheh

2019/20 йилги мавсум немис учун фаолиятидаги энг яхшиси бўлди. Барча мусобақаларда 34 гол ва ЕЧЛ ярим финал босқичи. Шу боис, кўп ўтмай суперклублардан «совчилар» оқиб кела бошлади. Биринчи навбатда, «Бавария» унга кўз тикди, аммо ҳужумчи Германияда қолишни истамади. У «РБ Лейциг»дан кетса, бу бошқа чемпионат вакили бўлиши ҳақида анча илгари фикр билдирган эди.

Биринчилардан бўлиб, «Интер» расмий таклиф билан чиқди. Клуб спорт директори – Пер Аузилионинг маълум қилишича, ёш футболчи Италияда тўп суришдан бош тортган. Ваҳоланки, миланликлар «буқалар» билан трансфер суммаси борасида келишувга эришган эди.

Кейинроқ, «Манчестер Юнайтед», «Челси» ва «Барселона»дан бир вақтда таклиф бўлди. Футболчи Юрген Клопп бошқарувидаги «Ливерпуль»да тўп суриш орзусида эди.

“Мени «Энфилд»га кўчиб ўтишим ҳақидаги миш-мишлар қувонтирди. «Ливерпуль» сайёрамизнинг энг кучли жамоаси. Улар билан бир жамоада тўп суришим учун ўсишим керак.”

Аслида, Юрген ҳам Вернерни ўз клуби сафида кўрмоқчи эди. Тимо «Ливерпуль»нинг ўйин фалсафасига тўлиқ мос келадиган ижрочи. Жамоавий прессингда фаол ва ҳужумнинг исталган қисмида тўп суриши мумкин.

Тез орада Клопп Вернер билан виртуал суҳбат қуришни бошлади. Улар трансфернинг аҳамияти ва келажакдаги режалар борасида фикр алмашди. Клублар эса, трансфер суммаси борасида бир қарорга кела олмади. 50 миллион фунт «мерсисайдликлар»га оғирлик қилди. Оқибатда, Вернер «Челси»га ўтди. «Ливерпуль» эса, Диего Жотанинг трансфери учун 41 миллион сарфлади.

Лондонга кўчиб ўтгач, омад Тимони тўлиқ тарк этди. Сермаҳсуллик жуда ҳам паст. Орада ҳатто, голсиз ўйинлар серияси 1000 дақиқага етиб қолди. Оқибатда, мухлислар унга бўлган ишончни йўқотиб қўйди.

gierjgiejrihe

Футболчининг ўзи вазиятни ўзгача изоҳлади. У АПЛдаги интенсив футболга кўникиб кетиши қийин бўлаётгани билан боғлади.

«Аввалига, мен Бундеслигадаги каби АПЛда ҳам бемалол тўп суришга қодирман, деб ўйладим. Сўнгги бир неча ойда осмондан ерга тушиб келишимга тўғри келди. Англияда бирорта ўйинни бемалол ўтказиш учун имконият беришмайди. Бу ердаги барча футболчилар 190 см бўйга эга ва жуда тезкор. Айниқса, ҳимоячилари жуда ҳам бақувват. АПЛнинг интенсив футболи мени ҳайрон қолдирди.»

Қаҳрамонимиз муаммони АПЛ билан боғлаганига қарамай, терма жамоа сафида ҳам «қовун тушириб» қўйишни канда қилмаяпти. Айниқса, 31 март санасида Германия Шимолий Македониядан 1:2 ҳисобида мағлуб бўлгач, танқидчилар сони кескин ортиб кетди. Ўйиннинг антиқаҳрамони сифатида барча Вернерни кўрсатди. Жуда қулай вазиятдан фойдалана олмаган форвард сукут сақлашни афзал кўрди.

Бундан кўриниб турибдики, у Лонондаги омадсизлик сабабли руҳан тушкунликда. Тухел унинг фаолиятини қайта ишга тушириш учун қўлидан келган барча ишни амалга оширмоқда. Афсуски, ҳозирча мураббийнинг меҳнати самара бермаяпти.

korferjgoejrgoejh

“Мен уни аввалги даражасига чиқишига ишончим комил. Шунчаки, қўлни тушириб юбормаслик керак. Биз ундан жуда ҳам кўп нарса талаб қиляпмиз. У келтираётган фойда ҳеч кимнинг кўзига кўринмаяпти. Шахсан мен, ўйинидан қониқиш ҳосил қиляпман. Ҳозир ёмон нарсалар ҳақида ўйлайдиган пайт эмас. У ўзи ҳақидаги турли мақолаларни ўқимаслиги шарт. Ҳатто, қўшимча машғулотлар ҳам керак эмас. У машғулотлардан сўнг, сўнгги зарба борасида ишламоқчи эди. Мен уни уйига жўнатиб юбордим. Тимо ҳайрон бўлди. Мен унга: «сен бу ишни 6 йилдан бери қилиб келяпсан. Миянинг қандай зарба бериш керак эканлигини  яхши билади. Шу боис, унга қайта юклама бериш шарт эмас. Хавотир олма. Голлар ўзи сени қидириб келади», дедим. Агар аёл киши сиз билан тушлик қилишни истамаса, уни мажбурлай олмайсиз. Яхшиси, бир четга чиқиб турган маъқул. Ана шунда, аёлнинг ўзи сизга қўнғироқ қилади. Голлар ҳам ўзи сизни излаб келади. Унинг ортидан қувиш шарт эмас.”

Томас Тухель ўз шогирдини тўлиқ қанотлари орасига олгани билан, муаммо ҳал бўлмайди. Вернер ўзи истаган даражада тўп суришни уддалай олмаяпти. Талабчан инглиз мухлислари эса, уни Фернандо Торрес билан солиштиришни бошлаб юборган. Унга сарфланган 53 миллион фунт ҳақидаку, турли мемлар интернетни тўлдириб ташлади.

gerokgoerkhoe

«The Sun» нашри берган маълумотларга кўра, Фрэнк Лэмпарднинг клубни тарк этишида Вернер трансфери катта роль ижто этган. Раҳбарият Тимо ва Кай Хаверцнинг ўйинидаги кескин пасайишни кузатгач, уларга сарфлаган пуллардан хавотирга тушган. Боз устига, Роман Абрамовичга клуб спорт директори бу йигитларни Фрэнк Лэмпард ва Дидье Дрогба даражасига чиқишини айтган. Ушбу трансферларни қутқариб қолиш мақсадида, немис футболидан хабардор Томас Тухель варианти танланган экан. «Челси» анча йиллардан бери марказий ҳужумчи излаш билан банд. Альваро Мората, Гонсало Игуаин сингари йигитлар иш бермагач, раҳбарият Вернернинг трансферига қўл урган.

Энди барчасини ўнглаш қаҳрамонимизнинг қўлида. У руҳий тушкунликка тушиб қолмаслиги ва яна аввалгидек дадил қадамлар билан ҳаракат қилиши керак. Акс холда, Фернандо Торреснинг бошига тушган кунлар уни кутиб турибди. Қувонарлиси шундаки, Тимо ҳали ёш. У ўз устида ишлашдан тўхтаб қолмаса, тез орада яна ўз даражасига қайтиши мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!