Бир ой қолди...
Гап нима ҳақида кетаётганини зукко ўқувчиларимиз яхши англаб туришган бўлса керак-а? Бугун, 9 декабрь. Роппа-роса бир ойдан кейин – 9 январь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси БААнинг Шаржа шаҳрида Уммон термаси билан илк турда тўқнаш келади. Аслида эса Осиё Кубоги 5 январда бошланишини билсангиз керак. Ўша куни мезбон – БАА терма жамоаси Баҳрайн билан ўйнайди ва шу тариқа Осиё Кубогига расман старт берилади. Мусобақада олтита гуруҳ бўлиб, терма жамоамиз энг охирги - “F” гуруҳидан ўрин олган. Шу сабабли 1-турнинг сўнгги учрашувлари 9 январь кунига белгиланган.
Миллий чемпионатимиз баҳслари ҳам тугаган ва энди барчанинг диққат эътибори терма жамоамизга қаратилиши шубҳасиз. 6 декабрь куни бош мураббий Эктор Купер билан матбуот анжумани ташкил этилди. Чунки Австралиядаги йиғиндан кейин журналистларнинг мураббийга саволлари йиғилиб қолганди. Айниқса, иккита нурсиз ўйиндан кейин хавотирлар янада ортди. Ўзбекистон Осиё Кубогида ҳаттоки гуруҳдан чиқа оладими, деган саволлар кўпая бошлади. Купернинг ҳимоявий ўйин услуби янада танқидлар гирдобида қолди. Купер эса ҳаммасини билиб, эшитиб турганди ва шу боис унинг ўзи ҳам ушбу матбуот анжумани ташкил этилиб, бир қатор кўндаланг турган масалаларга ўз фикрлари билан барҳам беришни лозим топди. Купернинг матбуот анжуманида айтган бир гапи эътиборимни тортди. Яъни, у журналистлар пессимистик руҳиятидаги саволларни беришяпти, мен эса оптимистик руҳидаги инсонман дея фикр билдирди. Доим жиддий қиёфадаги мураббий терма жамоамиздаги иши орқали футболчиларга ўзидаги оптимистик руҳиятни сингдиришга ҳаракат қилаётганини сезиш қийин эмас. Шу сабабли у ҳаммани шундай руҳиятда бўлишга ундамоқда. Чунки ҳозирги пайтда футболчиларни қўллаб-қувватлаш муҳим эканлигини мураббий жуда яхши тушуниб турибди.
Қолаверса, у фаолияти мобайнида ўзи ишлаган жамоаларда доим натижа кўрсатиш унинг учун устивор вазифага айланган ва аксарияти бунинг уддасидан чиққан. У Ўзбекистонга нима мақсадда келганини яхши билади. Ҳозирги ўқув-машғулот йиғинларидаги ҳимоявий услуби мухлисларга ва журналистларга у қадар ёқмаётганини ҳам билиб турибди. Лекин Эктор Купер терма жамоани муваффақият сари етаклашда қандай услубни қўллашни ўзи билади ва шу маънода айтганда, Купернинг ишига аралашиш керак эмас. Бунинг устига у чуқур ҳимоя тактикасининг тарафдори ҳам эмас. Шунчаки, ҳозирги замон футболида натижа устивор вазифалигини у жуда яхши билади. Шунинг учун ҳам ҳадеб пессимистик руҳиятида қолиб кетишимизни у истамаяпти. Ўзи айтиб ўтганидек, футболчиларнинг имкониятларини анча-мунча ўрганиб олди ва БАА сафаридан олдинги сўнгги йиғинда таркибда яна айрим янги номлар ҳам пайдо бўлди. Аслида Фозил Мусаев биз учун янги ўйинчи эмас. Бироқ Эктор Купер учун аксинча. Жароҳатидан қутулган ўйинчининг оптимал формасига кириши учун вақт керак. У қанчалик Осиё Кубогига қадар тикланишини вақт кўрсатади. Шунингдек, яна бир ярим ҳимоячи Дилшод Раҳматуллаев ҳам охирги пайтлардаги ўзининг ишончли ўйинлари орқали аргентиналик мутахассиснинг эътиборини қозонди ва уни терма жамоага чақирди. Шу билан бирга ниҳоят Сардор Рашидовнинг ҳам яна қайтгани мухлислар учун хушхабар бўлди десак муболаға қилмаймиз. Аслида эса таркибга кимларнинг чақирилгани ва чақирилмагинини ортиқча муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам мураббийнинг қарорларига ҳурмат билан ёндашамиз.
Энди 15-30 декабрь кунлари терма жамоамиз Туркияда шуғулланади. Ушбу тайёргарлик босқичи ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Купер эса ушбу йиғиндан сўнг якуний таркибни эълон қилишини айтди. Катта эҳтимол билан рўйхатга киритилган 27 нафар футболчиларнинг орасидан якунда 23 таси танлаб олинади. Шунинг учун ўйинчиларнинг ўзлари учун ҳам мазкур йиғин жуда муҳим ҳисобланади. Улар якуний рўйхатга тушиш учун ҳам энди янада кўпроқ меҳнат қилишади ва Купернинг ишончини қозонишга ҳаракат қилишади. Маълум бўлишича, бу сафар битта ўртоқлик учрашуви ўтказилади. Демак, бу йиғинда асосий эътибор, кўпроқ тактик услублар устида ишлашга қаратилади. Австралиядаги йиғиндан сўнг кўзга кўриниб қолган камчиликларимизни бу сафар Туркиядаги машғулотларда бартараф этиш устида ишлашади. Балки шунинг учун бу сафар битта ўйин кифоя қилар. Ҳозирча ҳаммаси мураббийнинг режаси бўйича амалга ошмоқда. Умид қиламизки, бир ойдан сўнг терма жамоамизнинг Осиё Кубогини ғалаба билан бошлаб олганини биргаликда нишонлаймиз. Купер айтганидек, оптимистик руҳияти доим устун келсин.
Шуҳратбек Жўраев
Фикрлар