Гимнастрада усталари Тошкентда беллашди
Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги ва туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртлари жамоалари ғолиблик учун баҳслашди.
Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бу жараёнда спортнинг гимнастика турини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ўз самарасини бермоқда. Бугун юртимизнинг турли ҳудудларида қад ростлаган спорт иншоотларида минглаб ёшларимиз бадиий ва спорт гимнастикаси, трамполин, аэробика, акробатика, гимнастрада билан мунтазам шуғулланмоқда.
Замонавий рақс ва турли мураккаб жисмоний машқларни ўзида мужассам этган гимнастрада мамлакатимизда тобора оммалашмоқда. Мусобақада жамоалар тайёрлаган композициялар ижро маҳорати, рақс ва гимнастика элементларини бажариш қобилияти бўйича баҳоланди. Унда 259-мактабгача таълим муассасасининг "Шодлик" жамоаси, 19-умумтаълим мактабининг "Соғлом авлод" жамоаси, Шайхонтоҳур саноат касб-ҳунар коллежининг "Камалак овози" жамоаси, Ўзбекистон давлат консерваториясининг "Иқтидорли" жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Фикрлар